Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида 200 дан ортиқ мақола ва асарлар яратган

Маърифатпарвар ва жамоат арбоби Маҳмудхўжа Беҳбудий таваллудига 145 йил тўлди. Шу муносабат билан Самарқанд шаҳрида “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ҳамда вилоят ҳокимлиги ҳамкорилигида Республика илмий-амалий конференцияси ўтказилди.
“Миллий ўзликни англашда жадидчилик ҳаракати ва Маҳмудхўжа Беҳбудий маънавий меросининг ўрни” мавзусидаги анжуманда Марказий кенгаш раиси ўринбосари Феруза Муҳаммеджанова, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари, тарихчи ва адабиётшос олимлар, Беҳбудийнинг эвараси Шоҳруҳхон Беҳбудий ҳам иштирок этди.
Конференция бежиз Самарқандда ташкил этилмади. Чунки маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий 1875 йилда айнан шу шаҳарда таваллуд топган. Зиёлилар оиласидаги муҳит ундаги адабиётга, сиёсатга, маърифатга бўлган қизиқишини оширди. У адабиёт, тарих фанлари қатори сиёсатшунослик билан ҳам шуғулланди. Газета ва журналлар орқали жаҳонда содир бўлаётган сиёсий воқеалар билан яқиндан танишди.
Беҳбудий адиб сифатида ўзининг «Падаркуш» драмасини яратди. Унда туркистонлик ёшларни Европа илм даргоҳларида ўқитишни тарғиб қилди. Мазкур асар ўз даврида Абдулла Қодирийнинг «Бахтсиз куёв», Мирмуҳсин Фикрийнинг «Бефарзанд Очилдибой», Ҳамза Ҳакимзоданинг «Янги саодат» каби асарлари яратилишига таъсир кўрсатган. Ҳатто, у Американинг Калифорния университетида таржима ҳам қилинган. Бундан ташқари, Беҳбудий ўзбек ва тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар яратган.
Умуман, ҳозирги кунда у қолдирган адабий-маданий мерос халқимиз томонидан ўрганилмоқда ва унинг маънавий меросини янада кенгроқ тарғиб этиш ҳамда ундан ёшларимиз, аҳолимизни баҳраманд этиш мақсадида “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан мазкур илмий-амалий анжуман ташкил этилди.
Анжуманда Беҳбудий меросини чуқур ўрганиш, уларнинг маънавий хазинасини халқимиз, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилишдаги иштироки учун бир гуруҳ тадқиқотчиларга партиянинг ташаккурномалари топширилди. Бир гуруҳ юртдошларимиз эса партия аъзолигига қабул қилинди.
Тадбир якунида анжуман иштирокчиларининг Маҳмудхўжа Беҳбудий яшаган хонадонга саёҳати уюштирилди.
Озода НОРИМОВА,
ЎзМТДП вилоят кенгаши девони бош мутахассиси.