Бекатлар эгасиз қолдими?
«Самарқанд темир йўл вокзали - Сиёб бозори» йўналишида қатновчи трамвайлар Рудакий ва Бўстонсарой кўчалари кесишмасида йўлости туннели қурилиши бўлаётгани сабаб вақтинча тўхтатилганди.
Оқибатда Сиёб бозори яқинидаги трамвай бекати ҳеч кимга керак бўлмай қолди шекилли қаровсиз ҳолга келган. Катта ойналари синган, бекат ичкарисида чиқиндилар сочилиб ётибди, ўриндиқлар йўқ.
Сиёб бозоридан Даҳбед кўчасига чиқувчи йўлнинг кенгайтирилиши боис ҳаракат чекланган. Шу сабабли бу ердан Самарқанд шаҳар марказига қатновчи автобуслар ҳаракати Сиёб бозори юқори йўли орқали Имом Бухорий кўчасидан амалга оширилмоқда. Оқибатда бу ердаги автобус бекатидан йўловчилар фойдаланмаяпти ҳисоб. Бу эса айрим олғирларга қўл келган кўринади: ўриндиқ учун қўйилган тахталар ўғирлаб кетилган.
Ғариб ҳолга келган бекатлар ҳадемай йўллардаги қурилиш-таъмирлаш ишлари якунлангач, йўловчилар билан гавжум бўлади. Унда бу бекатларга яна фалон миллион сўм маблағ ажратилиб, таъмирланадими?...