Беларусда ўзбек олими хотирасига бағишланган анжуман ўтказилмоқда

Айни кунларда Ўзбекистон делегацияси вакиллари Беларусь Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди. Вакилларимиз орасида Самарқанд ветеринария медицинаси институти ректори, профессор Худойназар Юнусов ҳамда институт проректори, доцент Бахтиёр Нарзиев ҳам бор.

31 октябрь - 1 ноябрь кунлари юртдошларимиз Витебск давлат ветеринария медицинаси академиясида ташкил этилган, атоқли ўзбек биолог олими, профессор Доли Нарзиев хотирасига бағишланган “Ҳайвонлар анатомияси ва гистологиясининг замонавий муаммолари ва тадқиқот истиқболлари” мавзусидаги биринчи Беларусь-Ўзбек ҳалқаро илмий-амалий конференцияси бўлиб ўтди.

Конференцияда Россия, Украина, Беларусь ва Ўзбекистондан вакиллар, соҳа мутахассислари, олимлар ва илмий тадқиқотчилар иштирок этишмоқда.

Эслатиб ўтамиз, ветеринария фанлари доктори, профессор Доли Нарзиев 1926 йилнинг 10 мартида Самарқанд вилоятида таваллуд топган. Болалиги Иккинчи жаҳон уруши йилларига тўғри келган бўлажак олим 1944 йилда Самарқанд қишлоқ хўжалик институтининг ветеринария факультетида таълим олишни мақсад қилади. Талабалигиданоқ ўзининг тиришқоқлиги, фидойилигини кўрсатган ёш йигитни 1949 йилда институтда ассистент сифатида ишга олиб қолишади. Уни кўпроқ уй ҳайвонлари анатомияси қизиқтирарди. 1958 йилда у номзодлик илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. 30 ёшида ўзбек тилида “Ҳайвонлар анатомояси” деб номланган биринчи дарслик қўлланма яратди. 1974 йилда Арманистон пойтахти Ереван зооветеринария институтида, профессор А.Акаевский консультантлигида докторлик ишини ёқлади. Д.Нарзиевнинг илмий раҳбарлигида 6 та номзодлик диссертацияси ҳамда 100 дан ортиқ илмий-услубий ишлар нашр этилган.

СамВМИ ахборот хизмати.