Ўзбек боксчилари – Орша қаҳрамонлари!

Беларусда ниҳоясига етиб бораётган II МДҲ спорт ўйинларида кеча бокс бўйича Олим Муҳамедов бошчилигидаги ўсмирлар терма жамоамиз аъзолари нафақат куннинг, балки мусобақанинг ҳақиқий қаҳрамонлари сифатида шарафланди. Витебск вилояти Орша шаҳрида ташкил этилган бокс мусобақаси эса Ўзбекистон триумфига айланди.

Бир неча мисол келтираман. Жамоамиз турнирда тўлиқ таркибда қатнашди: қизларимиз ҳам, ўғил болаларимиз ҳам барча 13 вазн тоифасида рингга тушишди. 26 нафар спортчимизнинг ҳаммаси шоҳсупага кўтарилди. Бундай натижа жуда камёб ҳодиса – спорт статистикасини таҳлил қилиб кўриш керак. Бир кун аввал боксчи қизларимиздан 6 нафари олтин медалларга эга чиққанди. Кеча эса 7 нафар ёш чарм қўлқоп устаси шарафига етти бор Ватанимиз мадҳияси янгради. Самандар Олимов (54 кг), Абдуллоҳ Мадаминов (60 кг), Бобурбек Бобожонов (63,5 кг), Шавкатжон Болтаев (71 кг), Фазлиддин Эркинбоев (75 кг), Жавоҳир Умматалиев (81 кг) ва Ҳалимжон Мамасолиев (92 кг) нафақат рақибларига, балки ҳакамларга ҳам ҳеч қандай имконият қолдиришмади. Зеро, II МДҲ спорт ўйинлари ҳам, табиийки, одатий ҳолат – ҳакамлар томонидан майдон эгаларига нисбатан билдирилаётган хайрихоҳлик туйғусидан холи кечмаяпти. Финалга чиққан боксчиларимизнинг ҳаммаси рингда рақибларидан бир эмас, бир неча поғона устунликларини намойиш қилишди. Ҳал қилувчи тўқнашувларда Россиянинг 2 нафар, Беларуснинг бир спортчиси том маънода таслим этилди. 2 вакилимиз учрашувни муддатидан олдин якунлари: бундай вазият ҳам ҳаваскор бокс финалларида кам қайд этилади.

Улардан бири – Фазлиддин Эркинбоев мусобақанинг энг кучли боксчисига аталган махсус совринни қўлга киритди. “Энг яхши мураббий” номинацияси ғолибини аниқлаб ўтиришнинг ҳам ҳожати бўлмади – терма жамоамиз бош мураббийи Олимжон Муҳамедов. Бунга ҳеч кимда ҳеч қандай шубҳа-шумон бўлиши мумкин эмас.

Қисқа хабар шаклида ёзмоқчи бўлганимиз бироз чўзилиб, мақолага айланиб кетди, ўқувчиларимиз буни тўғри тушунишар, деган умиддаман. Ҳали бу воқеа – бокс бўйича Ўзбекистонўсмирлар термасининг Беларусда бўлиб ўтган МДҲ спорт ўйинларидаги иштироки ҳақида чунон гапирилади, ёзилади.

Рақамлар кўпайиб кетган бўлса-да, яна бир маълумотни қайд этмай иложимиз йўқ: 11 августгача, яъни мусобақа бошлангандан кейин – роппа-роса бир ҳафта давомидаделегациямиз ҳисобида 15 та олтин медал йиғилди, охирги икки кун боксчиларимиз 13 бор шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилиб, бу рақам 26 тага етди.

Шу куни мамлакатимиз вакиллари самбо, каратэ ва мини футбол турларида ҳам жамғармамизга 2 та олтин, 1 та кумуш, 6 та бронза медаль қўшиб қўйишди.

Ҳали бу ҳаммаси эмас. Йигит-қизларимизни қўллаб-қувватлашда давом этамиз.

Ғайрат ХОННАЗАРОВ,

Орша, Беларусь