Беларусда айрим тоифа жиноятлар учун ўлим жазоси жорий этилиши мумкин
Беларус президенти Александр Лукашенко “Жиноят жавобгарлиги тўғрисидаги кодексларга ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади. Унга кўра, давлатга хиёнат қилган мансабдор шахслар ёки ҳарбий хизматчилар энди ўлим жазосига маҳкум этилади, деб хабар тарқатти унинг матбуот хизмати.
Қонунда терроризмни тарғиб қилиш ва Қуролли Кучларни обрўсизлантириш учун жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган.
Шу билан бирга, ҳужжатга кўра, қўпорувчилик қилишга тайёргарлик кўрган, лекин кейинчалик ўз ниятидан воз кечиб, бундай жиноятларнинг олдини олишга ёрдам берган шахслар жиноий жавобгарликдан озод қилинади.
Шунингдек, Лукашенко томонидан имзоланган қонунда “давлатга қарши бир қатор жиноятлар” учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 минг баравари (732,4 минг доллар)гача жарима кўринишидаги қўшимча жазо назарда тутилган.
Аввалроқ, Беларус Миллий Ассамблеяси Вакиллар палатаси матбуот хизмати "Жиноят жавобгарлик тўғрисидаги кодексларни ўзгартириш тўғрисида" ги қонун лойиҳаси бузғунчи кучларга нисбатан таъсир кўрсатиш ва давлатга хиёнат қилишга қарши қатъий курашни намойиш этиш учун зарур эканини таъкидлади.
2022 йилнинг май ойида Александр Лукашенко Беларус Жиноят кодексига террорчилик ҳаракатларига уриниш учун ўлим жазосини жорий этган тузатишларни имзолади. Илгари ўлим жазосини жиноятга тайёргарлик кўриш ва жиноятга суиқасд қилиш учун қўллаш мумкин эмас эди. Ушбу қонун қабул қилиниши ҳарбий поездлар ҳаракатини мураккаблаштириш мақсадида темир йўл линиялари ҳаракатини тўсиб қўйиш билан шуғулланган “темирйўл партизанлари” ҳодисаси билан боғлиқ.
Беларусдаги Хелсинки қўмитаси, "Вясна" инсон ҳуқуқлари маркази ва "Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ўлим жазосига қарши" гуруҳи ўлим жазосини қўллашни кенгайтиришга йўл қўйилмаслигини эълон қилиб, жамоатчиликка мурожаат қилди.