Беморларга сохта дорилар тарқатилган: “Guangzhou” клиникаси мансабдорларига жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди

Турли медиа воситалари орқали энг кўп реклама қилинган, хусусан, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлиб келаётган “Guangzhou medical of China” клиникаси раҳбарларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Дастлаб ижтимоий тармоқларда мазкур клиника томонидан беморларни алдаб, уларга Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган арзон дориларни қайтадан қадоқлаб, 2-3 миллион сўмга пуллаб келаётгани ҳақидаги видеолавҳалар тарқалди. 

Тарқалган хабарларда беморларга клиника ходимлари Ўзбекистондаги дориларни асл қадоғидан ажратиб, бошқа пакетларга солиб пуллаётгани кўриш мумкин.

“Ундан кўрсатиб, бундан кўрсатиб дорини олади, қўшади-да. Бу ер ҳожатхона. Шу ерда сувга дориларни қайнатиб, сизга қуйиб беряпти. Тошкент шаҳрида, вилоятларда одамларнинг мазаси қочишни бошлади, шунинг учун текширув ўтказдик. Ўзимизнинг 10-50 минг сўмлик дориларни 2 миллионга сотиб оляпсиз”,дея маълум қилган клиникани текширишга келган шахслардан бири.

Тарқалган лавҳалардан клиникада Ўзбекистонда етиштирилаётган жийда, арча илдизи каби маҳсулотлар ҳам беморларга қиммат нархда сотилган бўлиши мумкин.

Клиниканинг хитойлик вакили дориларнинг ҳаммаси ҳам Ўзбекистонда ишлаб чиқарилмаганини, Хитойдан олиб келинганлари ҳам борлигини айтган. У ўзининг ишчи ходим экани ва бу воқеалардан хабари йўқлигини билдирган.

Ҳозир ҳолат Тошкент шаҳар ИИББ назоратига олинган. ИИББга кўра, “Guangzhou medical of China” МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “б” банди (сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситалари билан боғлиқ фаолият) билан жиноят иши қўзғатилган.

“Жиноят иши доирасида мазкур клиниканинг Тошкент шаҳридаги ва бошқа вилоятлардаги филиалларида текширув ўтказилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда”, дейилган ИИББ хабарида.