Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Беш муҳим ташаббус” талабалар учун имкониятлар эшигини очмоқда

“Беш муҳим ташаббус” ишсиз ёшлар бандлигини таъминлаш, йигит-қизларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиши учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Хусусан, Самарқанд давлат ветеринария медицинаси, чорвачилик ва биотехнологиялар университетида 6 минг нафардан зиёд талаба таҳсил олади. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маданият ва санъат, спорт мусобақаларига жалб қилиш, ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, китобхонликни тарғиб қилиш ҳамда хотин-қизларни касб-ҳунар ўргатиш мақсадида университет қошида “Беш муҳим ташаббус” маркази ташкил этилган.

Марказда санъат йўналишида “Қувноқлар ва зукколар”, “Талабалар театр студияси” клуби, “Созанда ёшлар” ва “Ранглар сеҳри” тўгараклари, волейбол, гандбол, футбол, шахмат, шашка, стол тенниси, кураш, баскетбол, енгил атлетика спорт турлари, ахборот технологиялари йўналишида “Компьютер билимдонлари”, китобхонлик йўналишида “Заковат” интеллектуал клуби, “Мутолаа завқи”, “Баҳс-мунозара” ва “Нотиқлик санъати” тўгараклари ҳамда хотин-қизларни иш билан таъминлаш йўналишида “Дилбар қизлар” клуби, “Моҳир қўллар”, “Пазандачилик” ва “Тикувчилик” тўгараклари каби йўналишда уч минг нафардан ортиқ талаба-ёшлар қамраб олинган.

Тўгаракларга раҳбар сифатида малакали мутахассислар жалб қилинган бўлиб, ҳафтада уч марта талабларнинг бўш вақтига қараб машғулотлар ташкил этиляпти. Талабаларимиз университет, вилоят, республика миқёсида ўтказилаётган танлов ва мусобақаларда муносиб иштирок этиб келмоқда. Жумладан, ўтган йилда ўтказилган спорт мусобақаларида талабаларимиз фаол иштирок этиб, 150 нафардан зиёди турли тоифадаги спорт разрядларини қўлга киритди. Шунингдек, олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги томонидан ўтказилган “Талабалар театр студиялари” танловида университетимиз талабалар жамоаси Абдулла Қаҳҳорнинг “Анор” ҳикоясини саҳналаштириб, иккинчи ўринга сазовор бўлди.

Спортнинг армрестлинг тури бўйича шу пайтгача 8 карра Ўзбекистон чемпиони бўлган Зарина Сафарқулова шу йилнинг 3-5 февраль кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказилган мамлакат чемпионатида яна бир марта барча тенгдошларидан кучли эканини кўрсатди ва 9-марта Ўзбекистон чемпиони бўлди. У уч карра Осиё чемпионлигини ҳам қўлга киритган. 10–13 февраль кунлари эса вилоятдаги 12 та олий таълим муассасалари ўртасида ўтказилган “Талабалар лигаси” ўйинлари доирасидаги  волейбол мусобақасида университетимиз жамоаси иккинчи, стол тенниси бўйича эса учинчи ўринни эгаллади.

Айни пайтда йигит-қизларимиз олий таълим муассасалари талабалари ўртасида ўтказиладиган санъат, китобхонлик, интеллектуал ўйинлар ва спорт мусобақаларига тайёргарлик кўрмоқда.

Алибек ГАППАРОВ,

университетнинг биринчи проректори.