Бевосита мулоқот-муаммолар ечими
Жомбой туманида вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи, 4-сектор раҳбари Шодиёр Аҳмедов ўтказган сайёр қабулда туманда истиқомат қилувчи фуқаролар турли ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга масалалар юзасидан мурожаат қилди.
Сайёр қабул жараёнида фуқароларнинг ишга жойлашиш, тоза ичимлик суви таъминоти, йўлларни таъмирлаш, саломатликни тиклаш ҳамда уй-жойни таъмирлаш, моддий ёрдам каби масалаларга оид мурожаатлари тингланди.
Тадбир доирасида эҳтиёжманд кишиларнинг 6 нафари ногиронлик таянч аравачаси билан таъминланди. “Гулистон” маҳалла фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи фуқаро Бурхон Дўстмуродов 5 йилдан буён ногиронлик аравачасига муҳтож эди. Ногиронлик аравачаси фуқаронинг уйига олиб борилди.
-Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан раҳбарларнинг пастга тушиб муаммоларимизни тинглаши мурожаатларнинг тез ечим топишини таъминламоқда – дейди Бурхон Дўстмуродов. - Биз каби ногиронлиги бўлган фуқароларга кўрсатилаётган эътибордан бошимиз осмонда.
Сайёр қабулда келиб тушган барча масалалар ўрганилиб, уларнинг ечими юзасидан масъуллар бириктирилди.
Даврон Равшанов.