Билимли ёшлар – Янги Ўзбекистоннинг асосий таянчи

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Янги Ўзбекистон” газетаси муҳаррири саволларига жавоблари нафақат ўзбекистонликларни, балки хорижлик мутахассис ва экспертларни ҳам қизиқтиргани улар билдирган ижобий фикрларида намоён бўлди.
Интервьюнинг мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, уларнинг таълим олиши, меҳнат қилиши, билим ва қобилиятини рўёбга чиқариши учун яратилаётган зарур шароитлар, Янги Ўзбекистонни бунёд этиш жараёнида ёшларнинг ўрни ва асосий вазифалари ҳақидаги қисмига алоҳида эътибор қаратсак.
Президентимиз муҳаррирнинг бу мазмундаги саволига жавоб берар эканлар, ёшларнинг ҳаёти, ривожланиши, жамиятдаги ўрни, мамлакат томонидан ёшларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масалаларига тўхталиб ўтганлар.
Жумладан, ёшларнинг таълим олиши билан боғлиқ масалалар бўйича фикр билдириб, мамлакатимизда юқори билим ва малакага эга бўлган, рақобатдош кадрлар тайёрлаш мақсадида олийгоҳлар сони 141 тага етказилгани, 26 та хорижий олий таълим муассасасининг филиаллари очилганини алоҳида таъкидладилар.
Ўз навбатида кейинги беш йилда олий таълимга қабул квотаси 3 баробар оширилди ва биргина жорий йилда 182 минг нафар ёшлар учун талаба бўлиш имконияти яратилди. 2030 йилга қадар мактаб, лицей ва коллеж битирувчиларини олий таълим билан қамраб олиш даражасини 50 фоизга етказиш режалаштирилган.
Бу нимани англатади? Бу мамлакатимизда йилдан-йилга олий маълумотли кадрларнинг ошиб боришини, ёшларда мутахассислик эгаллаш имконияти кенгайганлигини, пировард натижада эса, малакали мутахассислар меҳнати самараси ўлароқ Янги Ўзбекистонни қуриш ва ривожлантириш жадаллашишини англатади.
“Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан бошланади” деган ғоя асосида мактаб таълими тизимида ҳам катта ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Тошкент шаҳрида ва ҳудудларимизда Президент мактаблари, ижод ва ихтисослашган мактаблар сони кўпайиб бормоқда.
Мактабгача таълимга берилаётган алоҳида эътибор, таълимни тубдан ислоҳ қилиш ва ривожлантириш йўлидаги йирик ва энг тўғри қадам десак муболаға бўлмайди. Чунки таълимни алоҳида бир бўғинда ривожлантириб бўлмайди, балки таълимнинг барча босқичлари бирлашган ҳолда бир бутун таълим тизимини ташкил этади. Таълимнинг ҳар бир босқичи сифати ўзидан кейинги ёки олдинги босқичи сифатига таъсир кўрсатади. Мактабгача таълим муассасасида яхши тарбия олган бола мактабда фанларни яхши ўзлаштиради, кейинчалик олий ўқув юртида сифатли таълим олиб, мутахассис кадр бўлиб етишади.
Наврўзжон МАҲКАМОВ, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академияси ўқитувчиси.