Бир жойда 50 та тўй
Муборак Рамазон ойи олдидан ўзгалар ёрдамига муҳтож, кўнгли ўксик шахсларга меҳр-оқибат кўрсатиш мақсадида Ургут туманида хайрия тадбири ўтказилди.
Туман ҳокимлиги ҳамда ташаббускор тадбиркорлар томонидан боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларнинг 49 нафар фарзандининг хатна тўйи ҳамда Абдулла Раҳмонов ва Барно Ғаниеванинг никоҳ тўйи ўтказиб берилди. Маросимда тўйболалар ва келин-куёвнинг яқинлари билан бирга вилоят ҳамда Ургут тумани ҳокимликлари масъуллари иштирок этиб, тўй соҳибларини қутлади.
- Тўрт нафар фарзандим бор, уч қиз, бир ўғил, - дейди Мўғол маҳалласида яшовчи Наргиза Эшмуродова. – Турмуш ўртоғим хасталик туфайли вафот этгач, рўзғор тебратиш, тўрт болани парваришлаш осон бўлмаяпти. Ўғлим Дилбекнинг хатна тўйини ўтказишни ўйлашга ҳам имконим бўлгани йўқ эди. Саховатпеша инсонлар кўмаги билан тўй қилиш насиб этганидан хурсандмиз. Бугун тўй дастурхонида ўтириб, ният қилдим: менинг ўғлим ҳам ана шундай инсонлардай тадбиркор, саховатпеша бўлиб вояга етсин!
Тўй давомида келин-куёв ва хатна тўйлари ўтказилаётган болажонларга ҳомийларнинг эсдалик совғалари топширилди.
Алишер Исроилов.