Бир кунда 217 нафар фуқаро коронавирусни аҳоли орасидан юқтиргани аниқланди

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков коронавирусга чалинган беморлар ҳақида маълумот берди:

– Мамлакатимизда коронавирус инфекциясига чалинган фуқаролар сони 4 минг 352 нафарга етди. 7 июнь куни 86, касаллик қайд этилгандан буён эса 3 минг 354 нафар, яъни 77 фоиз бемор тўлиқ соғайган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, шифохоналарда 981 бемор даволанмоқда, 6 нафарининг аҳволи оғир, 2 нафарининг аҳволи ўта оғир.

45 мингдан кўпроқ фуқаро карантин тадбирлари билан қамраб олинган. Уларнинг 22 мингга яқини стационар шароитда карантинга жойлаштирилган.

Коронавирус касаллиги бўйича эпидемик вазият ўта мураккаблигича сақланиб турибди. Кеча қайд этилган Тошкент шаҳридаги 195 нафар, Тошкент вилоятидаги 10 нафар, Хоразм вилоятидаги 8 нафар ва Сирдарё вилоятидаги 4 нафар бемор аҳоли орасидан қайд этилган.

Бундан кўриниб турибдики, вазият мураккаблашиб бормоқда. Ҳар биримиз кўчага чиқиш, мулоқотга киришиш орқали касалланиш эҳтимолимиз борлигини унутмаслигимиз керак. Карантин тадбирларига тўлиқ риоя қилинг. Дока ниқобда бўлинг, мулоқотларда оралиқ масофани сақланг, уйга қайтганингиздан кейин антисептик воситалардан фойдаланинг.

Афсуски, аҳоли орасида бу каби тавсияларга панжа орасидан қараётган, бефарқ муносабатда бўлаётганлар кўпайиб кетяпти. Вазият мураккаблашиб бораётганини билиб турибсиз. Уни ижобий ёки салбий томонга ўзгартириш ҳар биримизнинг ҳаракатимизга боғлиқ эканини унутманг.