Бир йилда ташкилот ва корхоналарда меҳнат соҳасига оид 52 530 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган: энг кўп ҳолат — меҳнат ҳақи тўламаслик
Бу ҳақда АОКАда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Мавжуда Мирзаева иштирокида ўтказилган брифингда маълум қилинди.
Давлат меҳнат инспекциясига 2021 йил давомида меҳнат муносабатларига оид жами 24 мингдан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
Ўтказилган ўрганишлар давомида қонунбузилиш ҳолатларининг энг катта улуши иш ҳақини тўламаслик (12,31 %) билан боғлиқ.
Пахта мавсумида мажбурий меҳнат ва меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид 146 та мурожаат келиб тушган, бу бўйича 65 та мансабдор шахсга нисбатан маъмурий чоралар қўлланилди.
Меҳнат муҳофазаси тўғрисидаги қонунчилик бузилишига оид 19 967 та ҳолат аниқланган бўлиб, 1970 та айбдор шахсга 3 млрд 340 млн. сўм жарима қўлланилган.
Шундан, ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодисалар (810 та) натижасида 907 киши жароҳатланган, улардан 238 нафари ҳалок бўлган. Мазкур бахтсиз ҳодисалар бўйича 596 та мансабдор шахс маъмурий жавобгарликка тортилган, 199 та мансабдор шахсга нисбатан жиноий иш қўзғатилган.