Бирон бир мамлакат конституциясида бўлмаган нормалар Бош қомусимизда мавжуд - бу ота-онанинг фарзандлар, вояга етган фарзандларнинг эса ота-она олдидаги мажбурияти

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикаси Олий Кенгашининг ўн иккинчи чақириқ ўн биринчи сессиясида қабул қилинган.

Тузилишига кўра, муқаддима, 6 бўлим, 26 боб, 128 та моддадан иборат Бош қомусимизга 1992 йилдан 2020 йилга қадар 14 маротаба ўзгартириш ва қўшимчалар киритилган. Охирги ўзгартиришлар қонунчиликда сайлов қоидаларининг такомиллаштирилиши муносабати билан 2019 йилдаги ЎРҚ-563-сонли Қонун орқали 96-, 117-моддаларга киритилган.

Миллий конституциянинг яратилиши

Ўзбекистон Республикаси Конституциясига юртимиз мустақилликка эришишидан бироз олдинроқ тамал тоши қўйилган эди.

1990 йилнинг 21 июнида Ўзбекистон Республикасининг (ўша вақтда –Ўзбекистон ССР) Биринчи президенти Ислом Каримовнинг ташаббуси асосида Ўзбекистон ССР Олий Кенгашининг қарори қабул қилинган. Ушбу қарорга мувофиқ, Ислом Каримов бошчилигида турли соҳадаги давлат арбоблари, жумладан, ҳуқуқшунос ва иқтисодчиларни ўз ичига олган 64 нафар аъзодан иборат конституциявий комиссия тузилди. Қарийб 2,5 йил иш олиб борган конституциявий комиссия таркибида Ўзбекистон Республикасининг бугунги кундаги Президенти Ш.Мирзиёев, Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий маркази директори А.Саидов каби инсонлар ҳам бор эди.

Комиссия томонидан тузилган Конституция лойиҳаси дастлаб ҳажман нисбатан йирик бўлиб, 2 марта халқ муҳокамасига қўйиш ва кенг жамоатчилик, илмий доира муносабати ва халқ фикрини ўрганиш асосида анча ихчамлаштирилди.

Конституциянинг нафақат тузилмавий бирликларини, балки моддаларини тузиш бўйича халқаро ҳуқуқнинг тан олинган принцип ва нормалари, хусусан, БМТ ва бошқа халқаро ташкилотларнинг инсонпарварлик, демократик ғояларига ҳамоҳанг нормалари асос қилиб олинди.

Бош Қомусимизнинг қайси жиҳатлари хориж давлатлари конституциясидан фарқ қилади?

Ўзбекистон Республикаси фуқароси сифатида айтишим мумкинки, Конституциямизнинг икки жиҳати билан дунё давлатлари олдида мақтана оламиз. Бу шундай жиҳатларки, Бош қомусимиз қабул қилинган вақтда деярли бирон бир давлат конституциясида бу каби хусусиятлар учрамас эди.

Биринчидан, Конституциямизда дунё давлатлари конституцияларида мавжуд барча муҳим масалалар тартибга солинган ҳолда, ҳажми жуда ҳам ихчам қилиб (жами 7,5 мингдан ортиқ сўз) яратилди.

Кўпчилик давлатларнинг конституцияларида ҳаволаки нормалар кўп учрайди ва ҳужжатнинг ҳажми кенгайиб кетади. Масалан, Ҳиндистон конституцияси ҳажм жиҳатидан дунёдаги энг йириги ҳисобланади. Конституциямиз лойиҳасини тайёрлашда бу каби ҳолатлардан қочилди.

Иккинчидан, бирон бир мамлакатнинг конституциясида мавжуд бўлмаган 2 норма, яъни “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур” эканлиги (64-модда) ва “Вояга етган, меҳнатга лаёқатли фарзандлар ўз ота-оналари ҳақида ғамхўрлик қилишга мажбур” эканлиги белгилаб қўйилди. Бунда, шубҳасиз, анъанавий ўзбек жамиятидаги оиланинг муқаддаслиги тамойиллари мустаҳкамлаб қўйилди.

Нурмуҳаммадхон АБУЛСАИДОВ,

Тайлоқ туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси.