"Биз бир оиламиз!"

Вилоятимизда “Бағрикенглик ҳафталиги” доирасида бир қатор маданий-маърифий тадбирлар ўтказилмоқда.

Хусусан, Самарқанд шаҳридаги “Саховат” уйида “Нуронийларимиз эъзозда” шиори остида тадбир ташкил этилди. Унда вилоятимизда истиқомат қилиб келаётган рус, поляк ва турк миллий маданий марказлари вакиллари ўзларининг урф-одат, қадрият ва анъаналарини ифода этувчи кўргазмали чиқишлари намойиш этилди.

Тадбирда сўз олганлар, юртимизда ҳар бир миллат ва элат вакиллари аҳил ва иноқ яшаётгани, мамлакатимиз тараққиётига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётганини эътироф этишди.

Миллий маданий марказлар томонидан ташкил қилинган миллий таомлар, янграган куй-қўшиқлар, рақслар ва лапарлар йиғилганларга кўтаринки кайфият ҳадя этди.