Бизда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар яратилганми?

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 18-моддасига биноан Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар, деб белгиланган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, қонун 7 боб, 32 моддани ўз ичига олган. Қонуннинг мақсади хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

Қонуннинг хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасини тартибга солиш бобининг 9-моддасига биноан “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари” белгилаб берилган.

Мазкур Қонун билан “Давлат хизмати соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”, “Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари”, “Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” ва “Таълим, илм-фан, маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари” бўйича аниқ ҳуқуқ ва мажбуриятлар белгилаб қўйилган.

Жумладан, давлат хизматига қабул қилиш чоғида ва уни ўташ даврида жинс бўйича бевосита ва билвосита камситишга йўл қўйилмаслиги;

- хотин-қизлар ва эркаклар ҳокимият вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга эканликларини;

- давлат органлари ва мулк шаклидан қатъи назар ташкилотлар раҳбарлари жамиятнинг иқтисодий ресурсларидан, шу жумладан кўчар ва кўчмас мол-мулк, ер, молиявий активлар, кредитлар, ижтимоий жамғармалардан, шунингдек тадбиркорлик фаолиятининг эркин танланган турларидан хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг фойдаланишини таъминлаши шартлиги, давлат хотин-қизлар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашлиги;

- хотин-қизлар ва эркаклар ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишда тенг ҳуқуқларга эга эканликлари, давлат таълим олиш ҳуқуқини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркакларга тенг имкониятлар яратилишини таъминлашлиги;

- уй меҳнатида жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги, у аёллар ва эркаклар томонидан тенг даражада амалга оширилиши қонун нормаларида белгилаб қўйилган.

Бундан кўринадики, республикамизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий йўналишлар бўйича авваламбор хотин-қизларга нисбатан кенг аҳамиятли ишлар олиб борилаётганлиги, жамиятда хотин-қизларнинг тутган ўрни, хотин-қизларга нисбатан ўтказилган тайзиқ ва адолацизликлар бўйича қонун муқаррарлиги барча қонун ҳужжатларимизда акс этган.

Фурқат Аноров,

Фуқаролик ишлари бўйича Қарши туманлараро суди судяси.