Бизнес-Омбудсман: Фермер хўжаликларига тегишли бўлган ер майдонлари қайтариб олиб берилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 26 августдаги «Қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини бериш ҳамда архитектура-қурилиш ишларини амалга ошириш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижросини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 20 декабрдаги “Тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун бўш турган ер участкаларини бериш тартиб-таомилларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорга асосан тадбиркорлик ва шаҳарсозлик фаолиятини амалга ошириш учун қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган бўш турган ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали доимий фойдаланишга бериш тартиби белгиланди.
Ҳужжатга кўра, жисмоний ва юридик шахсларга «YERELEKTRON» автоматлаштирилган ахборот тизимида аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни кейинчалик уларни электрон онлайн-аукционга қўйиш масаласини белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун жойлаштириш бўйича таклифлар киритиш ҳуқуқи берилди.
Қабул қилинган янги норматив ҳужжатга асосан:
- жисмоний ва юридик шахслар аниқ инвестиция мажбуриятлари билан бирга ер участкаси ва режалаштирилаётган қурилиш объекти тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш юзасидан таклифлар киритиш учун «YERELEKTRON» ААТда бепул рўйхатдан ўтишлари;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат активларини бошқариш агентлиги ҳузуридаги «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида электрон онлайн-аукционни ташкил этиш ва ўтказиш оператори ҳисобланиши;
- ер участкасини танлаш материалларини тайёрлаш, келишиш ва хулосаларни олиш ваколатли органлар томонидан фақат «YERELEKTRON» ААТ орқали электрон шаклда амалга оширилиши;
- «E-IJRO AUKSION» савдо майдончасида ер участкаларидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи электрон онлайн-аукционда «Электрон онлайн-аукционларни ташкил этиш маркази» давлат унитар корхонаси томонидан реализация қилиниши белгилаб берилди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларига, ҳудудларни ривожлантириш режалари ва қурилиш ишларини амалга ошириш бўйича тасдиқланган шаҳарсозлик ҳужжатлари асосида ер участкасида қурилишга рухсат берилган ёки тақиқланган объектлар тури аниқланиши, архитектура-режалаштириш топшириғи ишлаб чиқилиши, ер участкасида қурилишига рухсат этилган ёки тақиқланган объектлар турининг тегишли ҳудудлари ва иншоотларидан режим асосида фойдаланиш ва уларни эксплуатация қилиш, ёнғин хавфсизлиги ва йўл ҳаракати хавфсизлиги талабларига мувофиқлигини текшириш, умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлларигача бўлган масофа тўғрисидаги маълумотларни шакллантиришни таъминлаш, муҳандислик-коммуникация тармоқларидан фойдаланувчи ташкилотлар Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлигининг ҳудудий бўлинмаларидан сўров келиб тушган кундан бошлаб уч иш куни ичида уларга муҳандислик-коммуникация тармоқларига уланиш бўйича техник шартларни тайёрлаб, электрон шаклда юбориши шартлиги белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Навоий вилоятида фаолият юритувчи ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда юзага келаётган муаммоларни аниқлаш ва уларни ижобий ҳал этишга, давлат органлари фаолиятида тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилишини таъминлашга ва тадбиркорлар фаолиятида текшириш амалга оширилаётган жараёнда уларни ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратмоқда.
Вакил девонининг Навоий вилояти ходимлари томонидан ўрганилган мурожаатларнинг 25 фоизи ерга оид ҳуқуқий муносабатларга, мурожаатларнинг 20 фоизи молия ва солиқ масалаларига, 17 фоизи эса банк ва кредит масалаларига тааллуқли эканлиги кўринди. Мурожаатларнинг ижобий ҳал қилиниши учун барча зарур амалий чоралар амалга ошириб келинмоқда.
Жумладан, Кармана тумани ҳокимининг 2019 йил 23 октябрдаги Қ-1613-сонли қарорига асосан тумандаги “Кармана Асқар” фермер хўжалиги ҳамда “KARMANA ZAFAR BARAKA” фермер хўжалигига узоқ муддатли ижарага берилган ер майдони амалдаги меъёрий хужжатларга зид равишда, тадбиркорларнинг розилиги ёки суднинг қарори бўлмасдан туриб олиб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили томонидан “Karmana Zafar Baraka” ҳамда “Кармана Асқар” фермер хўжаликларининг манфаатларини кўзлаб, туман маъмурий судига киритилган даъво аризалари натижасида фермер хўжаликларига тегишли бўлган ер майдонлари қайтариб олиб берилди.
Комил КУЛИЕВ,
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Навоий вилоятида фаолият юритувчи етакчи инспектори.