Бизнес-омбудсманга 111 та мурожаат тушди
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил (Бизнес-омбудсман) томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, уларнинг фаолиятига давлат органларининг асоссиз аралашувининг олдини олиш, хусусий мулк дахлсизлигининг ҳуқуқий механизмларини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг устуворлиги принципини таъминлаш борасида бир қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда.
Бизнес-омбудсманнинг Самарқанд вилоятида фаолият юритувчи ходимларига 2019 йил мобайнида тадбиркорлик субъектларидан 111 та мурожаат келиб тушди. Мазкур мурожаатларнинг 26 таси қаноатлантирилди, 65 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилди, 13 та мурожаат тегишлилигига кўра, бошқа идораларга юборилди.
Жумладан, экспорт маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи “Самарқанд пойабзал класс” масъулияти чекланган жамиятининг электр таъминоти билан боғлиқ муаммолари бир неча ойдан буён ҳал қилиб берилмаётганлиги ҳақидаги мурожаати ўрганиб чиқилиб, қисқа муддатда корхонани узлуксиз электр таъминоти билан таъминлаш чоралари кўрилди.
Булардан ташқари, давлат органлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган таҳлил ва ўрганишлар натижаларига кўра, 9 та тақдимнома юборилди. Тадбиркорлар манфаатини кўзлаб судларга 4 та аризалар киритилди. Тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ноқонуний равишда текширишлар ўтказганлиги боис ер ресурслари ва давлат кадастри, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва қурилиш соҳасида назорат идораларининг мансабдор шахсларига нисбатан 19 та маъмурий баённома тузилиб судларга юборилди.
Киритилган таъсир чоралари натижасида ҳокимликлар ва бошқа давлат идораларининг 47 та ҳужжатлари бекор қилинди, қонунбузилиш ҳолатларига йўл қўйган 19 нафар шахс маъмурий, 7 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилди.
Президентимизнинг топшириқларига асосан Бизнес-омбудсман ходимлари раҳбарлигида ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, ушбу ишчи гуруҳлар томонидан доимий равишда худудларга импорт қилинган технологик асбоб-ускуналардан самарали фойдаланишнинг аҳволи мониторинг қилиб борилмоқда.
Самарқанд вилоятига 2019 йилнинг август-декабрь ойларида асбоб-ускуна олиб келган 343 корхонада ўтказилган мониторинг давомида аниқланган муаммоларни бартараф қилиш юзасидан тармоқ жадваллари ишлаб чиқилиб, муаммоларни зудлик билан ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.
Жумладан, асбоб-ускуналардан самарали фойдаланишнинг аҳволи юзасидан ўтказилган мониторинг жараёнида Тойлоқ туманида фаолият юритувчи “ZARAFSHON PROPRIETY SERVIS” масъулияти чекланган жамиятининг ер майдони туман ҳокимлиги захирасига қайтариб олинганлиги аниқланиб, ушбу муаммони ҳал қилиш юзасидан тадбиркор манфаатини кўзлаб маъмурий судга ариза киритилди. Самарқанд тумани маъмурий судининг ҳал қилув қарорига кўра, Тойлоқ тумани ҳокимининг 2018 йил 21 майдаги 1451-қ-сонли қарори ҳақиқий эмас деб топилиб, тадбиркорнинг фаолият юритиши учун қулай шароит яратилиши таъминланди.
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлаш, бу борада аниқланган қонунбузилиш ҳолатларини зудлик билан бартараф этиш ҳамда айбдор шахсларнинг жавобгарлик масаласини ҳал этиш келгусида ҳам фаолиятимизнинг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади.
Жасур ТУРСУНОВ,
Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девонининг Самарқанд вилоятида фаолият кўрсатувчи бош инспектори вазифасини бажарувчи.