“Бизнинг театр” ҳақида биласизми?

1914 йилда илк бор Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Падаркуш” драмаси асосида маданиятимиз, санъатимиз ривожига тамал тоши қўйилган бу даргоҳда театрнинг моҳир актёрлари, режиссёрлар, мусиқашунослар ижод қилган. Абдулла Авлоний ўзининг мақолаларидан бирида: “Майдонда шу даражада кўп одам йиғилдики, биз буни кутмагандик. Одамлар спектакль намойиши учун жарчилик қилиб, ён-атрофдагиларни тўплай бошлади”, дея ҳайрат ва ҳаяжон билан ёзганди. Демак, театр пайдо бўлибдики, унинг ихлосмандлари, томошабинлари доимо ёнма-ён яшаган, унинг ривожига ўз ҳиссасини қўшган.

Самарқанд вилояти мусиқали драма театрида бўлиб ўтган "Бизнинг театр" мавзусидаги онлайн конференцияда театрнинг тарихи, унинг ривожига маърифатпарвар боболаримиз қўшган ҳисса, театр саҳнасида камол топган буюк дарғалар, бугунги кунда театрда амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритилди.

- Ҳар гал театр саҳнасида рол ижро этарканман устозларимнинг ўгитлари, берган сабоқлари ёдимга тушади, - дейди Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Меҳри Ҳакимова. - Бу даргоҳда санъатимизнинг буюк дарғалари ижод қилгани бизга доимо куч бағишлайди. 1978 йилда театрга келган бўлсам, бу ерда жуда катта ижодий муҳит шаклланганди. Зайнаб Содиқова, Рустам Мансуров, Танаберди Қурбонов, Мусо Муқимов каби театр санъатининг фидойилари ажойиб роллари билан ўз мухлисларига эга эди. Бугун ҳам театримизда худди шундай муҳит давом этаяпти.

Конференцияда Маданият вазирлиги, республикамиз ва вилоятимиздаги театрлар мутасадди ходимлари, актёрлар иштирок этди.

Насиба ЖОНТЎРАЕВА.