Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Бу йил “Зарафшон” газетасининг 110, “Самаркандский вестник” газетасининг 105 йиллиги нишонланди.
Юз йилда туғилар балки бир даҳо,
Очилар мозийнинг қаърида сирлар.
Кўзгу бўлолмагай ҳаётга аммо,
Остонаси тилло бўлган қасрлар.
Бағрида акс этган замину осмон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Қориннинг ғамида яшайди биров,
Кимнингдир сочидан узилар тола.
Мухбирнинг бошига қўнган оқ қиров –
Ҳали босилмаган янги мақола.
Завқ, қувонч улашар ҳар саҳар, ҳар тонг,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Ҳаёт фақат тўйдан иборат эмас,
Унда ёнма-ёндир кундуз билан тун.
Кимдир мол-дунёга бўлган чоғи маст,
Кимнингдир умрига ясалар якун.
Дилга бахш этгувчи эзгулик, иймон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Ҳали юракларнинг доғлари бисёр,
Ҳали комилликдан йироқмиз, йироқ.
Токи яшар экан Сўз, Қалам, Ашъор,
Маърифат лашкари енгилмас, бироқ.
Адолат мулкига ягона мезон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Йил бўйи тер тўкар далада бедор,
Боласига кўксин қилади қалқон.
Битта унвони бор, битта номи бор,
Ҳазрати Ўзбек у, ҳазрати Деҳқон.
Унинг шуҳратига қўшаверар шон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Самарқанд! Улуғлар улуғлаган ер,
Истиқлол туфайли кўрки беқиёс.
Бугун ҳам бағрида қайнар ижод, шеър,
Шу янги даврнинг шиддатига хос.
Муқаддас кент каби муқаддас макон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Тинчлик бир неъматдир, бебаҳо дарахт,
Ҳар бир япроғида Руҳ озодлиги.
Шу улкан дарахтнинг меваларидир,
Турмуш ободлиги, элнинг шодлиги.
Эл билан биргадир ҳамиша, ҳар он,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Ҳали юртлар бордир нотинч, дилозор,
Ижодга йўл бўлсин, бурда нонга зор.
Минг бора шукрким, оёқ остида,
Ястаниб ётибди жаннатий диёр.
Шу диёр бағрида қайнаган вулқон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Газета кўзгудир. Акс этар унда,
Онг етмас фазодан кўзда ёшгача.
Саҳифалар аро не-не салафлар,
Беҳбудийдан тортиб Фармон Тошгача.
Сўз билан зулматни этган нурафшон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Бугун бир юз ўнга етибди ёши,
Не-не улуғ зотлар ўтган маскан бу.
Воҳа ҳаётининг закий наққоши,
Улкан Ватан ичра мўъжаз Ватан бу.
Ҳар битта ижодкор бир Ўзбекистон,
Бизнинг “Зарафшон”дир, бизнинг “Зарафшон”!
Ёр МУҲАММАД.