Қантар оғди ёки Ҳасан дўстимнинг итининг номи нима эди?
Адашмасам, 1998 йилнинг февраль ойи эди. «Зарафшон» газетасида таниқли журналист Ўктам Қурбоновнинг «Қантар оғди, деҳқонлар дала ишига тайёрми?» деган мақоласи чоп этилди. Эрталаб ишга келдиму газетани варақлаб, шу мақолага кўзим тушди.
Унда февраль ойидан бошлаб деҳқонлар дала ишларига тайёр бўлишлари, экин экиладиган майдонларни суғориб, гўнг чиқаришлари зарурлиги ҳақида ёзилган экан. Лекин «қантар оғди» деган жумлага тушунмадим. Ой ёки юлдузлар билан боғлиқ бўлса керак, деб ўйладим. Балки инсон исмидир ёки бирорта ҳайвоннинг? Тўғриси, ҳеч эшитмаган эканман.
Шу пайт ҳарбий хизматда бирга бўлган тошкентлик Ҳасан ўртоғимнинг «Қантар» деган ити бўлгани ёдимга тушди. Ҳар икки гапининг бирида «Қантар»им жуда бақувват ит-да, энг зўрини ҳам гирибонидан олади”, деб қўярди. Ҳа, бу итларга ёки ҳайвонларга қўйиладиган ном экан-да, деб ўйладим.
Ўктам ака билан «Маданият ва маърифат» бўлимининг иккита хонасида ўтирардик. Барча мақолаларимни у кишига кўрсатиб олардим. Баъзида тушликка ҳам бирга чиқардик. У киши тозаликка жуда эътибор берарди. Ҳар бир хат, мақола, шикоят хатлари учун алоҳида папка қилиб қўярди. Навбатчилик вақтида, албатта, икки қўлида енгигача тортилган боғичли тоза латта бўларди. Чунки босмахонадан олиб келинган газетанинг хомаки нусхасига урилган ҳарфларнинг қора ранги дарров кийимга униқиб қоларди. Худди новвойларга ўхшаб навбатчилик тугагунча қўлидан ечмасди. Жамол Турсунов уни кўриб, «ҳа, нон ёпишни бошладингизми?», деб ҳазиллашарди.
Бир куни тушлик пайтида Ўктам акадан “Домла, уйингиздаги итингизни номи “Қантарми?", деб сўрадим.
- Йўқ, нега бундай деяпсан? - деди бошини кўтариб.
- Бир мақолангизга «Қантар оғди...» деб сарлавҳа қўйган экансиз, шунга тушунмадимда?
- Нимасига тушунмайсан, «Қантар»га итнинг нима алоқаси бор?
- Бир дўстимнинг итинниг номи «Қантар» эди, шунга сиз ҳам...
- Сени мактабда ким ўқитган, - деб сўради.
- Сиз, - дедим (Ростдан ҳам мактабда беш йил адабиётдан дарс берган эди).
Ўктам аканинг бирор бир қичиқ гап қилишдан олдин «ҳиҳ» деб қўядиган одати бор эди. Ҳозир ҳам мийиғида кулиб, ”ҳиҳ” деб қўйди-да, «Бўлмаса, шу сўзни ўтганимда дарсимга кирмаган бўлсанг керакда-а?», деб қўйди.
- Қулоғимдан тортмаслигингиз учун дарсингизга доим кирганман, - дедим ҳайрон бўлиб. Чунки у киши тартиббузар ўқувчиларнинг қулоғининг тагидан, яъни «баки»дан ушлаб кўтарарди.
- Кирмагансан-да, яхшиси, сен шу мақолани қўлингга олиб, охиригача қайта ўқиб чиқ, «Қантар оғиши» нима эканлигини билиб оласан. Ўшанда ҳам тушунмасанг, «Ўзбек тилининг изоҳли луғати»ни олиб, излаб кўргин, топасан.
Бироздан сўнг яна «мухбир одам, доим ўзи ёзаётган мақолалари устида ўйлаб юриши керак. У йўлда кетяптими, овқатланяптими, ҳатто ухлаётганда ҳам ёзилажак мақоласи режаларини тузиб, пишиқ қилиши лозим. Кўпроқ бадиий, илмий-оммабоп китобларни варақла. Бирор соҳадан мақола ёзиш учун шу тармоққа оид кўп маълумотга эга бўлгин. Турли газета-журналларни ўқигин», деди.
- Яхши, икки кунда шу «қантар»ингизни яхшилаб, ўқиб, «жойига соламан», - дедим кулиб, нонни катта тишлар эканман...
Икки кун ўтгач, таҳририят коридорида ҳамкасблар билан гурунглашиб турсак, Ўктам ака бош муҳаррир ўринбосари Азиз Йўлдошевнинг хонасидан қўлида мақола билан чиқиб қолди. Мени кўриб, “Қани, буёққа кел-чи», деб хонасига бошлади.
- Хўш, қантар оғиши нима эканлигини билдингми? - деб сўради.
- Қантар оғди, ҳут кирди, энди буёғи баҳор, - дея бошладим худди мактабда ўқитувчиси олдида турган ўқувчидай бидиллаб. - Шамсий йил тақвимига кўра, ҳутнинг биринчи куни. Бу ой қишнинг охири, баҳорнинг бошланишига тўғри келгани учун об-ҳавоси алдамчи бўлади. Шунинг учун айтишадики, «Ҳут яхши келса, қозон-қозон сутни кўринг, ёмон келса, кўтарилиб ётган бутни кўринг».
- Бу нима дегани, - тўхтатди Ўктам ака.
- Яхши келгани об-ҳаво илиқ келиб, ўт-ўлан мўл бўлади. Чорва тиши кўкка тегиб, «қозон-қозон сут» бўлади, бу – қут-барака дегани. Ёмон келгани – қишнинг чўзилиб, кутилмаганда қор ёғиб, ер музлаши. Оқибатда уйғонган дов-дарахтлар нобуд бўлади. Ҳутнинг сўнгги ўн кунлигида Ажуз кампир даври кечармиш. Унинг жаҳли чиқиб «Ҳой тўқсон, бир кунимча йўқсан» дермиш-да, ҳунарини кўрсатаркан. Қуёш чарақлаб турган куннинг эртасигаёқ ҳаммаёқни қалин қор қоплаб, қаҳратон забтига оларкан. Одамлар уйларидаги печкани, яна кимдир «танча»ни қиздириб оёғини кўтариб ётаркан, - дедим қақиллаб кулиб.
- Бўлди, бўлди етар. Қантарни ҳам роса оғдирдинг. Роса китоб ўқибсан, қулоғингга қуйибсан, - деди устоз қофиясини келтириб. - Нима бўлганда ҳам энди ёдингда турсин. Баҳор ҳақида, дала ишлари ҳақида ёзадиган мақолаларингда шу сўзларни ҳам ишлатиб тур.
Ўктам Қурбоновнинг шу сўзлари бир умр қулоғимда қолди. Бир неча бор мақолаларимда қантар оғиши, ҳут келиши, февраль - қишнинг сўнгги ойи ҳақида ёзганимда, албатта, унинг сўзлари ёдимга тушади.
Оқдарё тумани Қоратери қишлоғида яшаб ўтган Ўктам Қурбонов қатор йиллар «Оқдарё овози» газетасида мухбир, бўлим бошлиғи, масъул котиб вазифаларида ишлаган. Кейинчалик ўн йилдан кўпроқ тумандаги 32-ўрта мактабда ўзбек тили ва адабиёти фанидан дарс берган. 1992 йилдан бошлаб «Зарафшон» газетасида мухбир, махсус мухбир бўлиб ишлади. Бир неча йил давомида Самарқанд давлат телерадиокомпаниясида бош муҳаррирлик қилди. Устознинг охирати обод бўлсин!
Дилмурод ТЎХТАЕВ.