Салиҳ Жанер: Самарқанддаги янгилик ва воқеалардан “Зарафшон” орқали хабардор бўламан

Туркия Республикасининг Самарқанддаги бош консули Салиҳ Жанер вилоят Матбуот уйида бўлиб, вилоят газеталари таҳририятлари фаолияти билан танишди.

Мазкур бинода бугунги кунда вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Зарафшон”, “Самаркандский вестник”, “Овози Самарқанд” ҳамда Самарқанд шаҳар ҳокимлигининг “Самарқанд” газеталари таҳририятлари жойлашган. Шунингдек, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги вилоят бошқармаси, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳам шу ерда фаолият олиб боради. Бинода вилоят матбуоти тарихи музейи ташкил этилган.

Салиҳ Жанер газеталар тарихи ва бугуни билан танишди, журналистлар билан суҳбатлашди ва Самарқанд матбуоти ҳақида ўз фикрларини билдирди.

– Мен вилоят газеталарини, жумладан, “Зарафшон”ни ва унинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларини мунтазам кузатиб бораман, – деди Туркия Республикасининг Самарқанддаги бош консули Салиҳ Жанер. – Газетага обуна бўлганмиз. Вилоятдаги янгиликлар, воқеалардан, аввало, шу нашр орқали хабардор бўламиз. Консуллигимиз томонидан ўтказиладиган тадбирларимизни ҳам кенг оммага етказишда “Зарафшон” ва унинг ходимлари билан яқин ҳамкорлик ўрнатганмиз. Самарқанддаги 5 йиллик фаолиятим давомида бу нашр консуллигимизнинг энг яқин ахборот ҳамкорларидан бири бўлганини алоҳида таъкидлашни истардим.

Вилоят матбуоти тарихи музейи ҳам туркиялик дипломатга манзур бўлгани ва катта қизиқиш уйғотганини қайд этган Салиҳ Жанер бир асрдан ортиқ тарихга эга газеталарда ўз даврининг илғор зиёлилари, миллат ойдинлари фаолият кўрсатганини алоҳида таъкидлади.