Ғафур Ғулом: “Таҳририят - ижод аҳлининг ҳаёт мактаби”
#Зарафшон_газетаси_110_ёшда
“Зарафшон”нинг ўтмишдоши “Ленин йўли” газетаси республикамизда танилган юзлаб иқтидорли журналистлар, шоиру ёзувчилар, олимлар, давлат ва жамоат арбобларига ҳаёт мактабини ўтаган эди.
Яқинда фахрий мухбир, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Облоқул Усмонқулов таҳририятимизга келиб, ўзининг бундан 55-60 йиллар аввалдаги газетачилик билан боғлиқ хотираларини айтиб берди.
- 1964 йилда газетанинг 10 мингинчи юбилей сонининг чиқарилишида иштирок этгандим, - деди О.Усмонқулов. - Эсимда, шу муносабат билан юбилейга пойтахт Тошкентдан, республикамизнинг барча вилоятларидан ёзувчи ва шоирлар, олим ва журналистлар таклиф этилганди. Таҳририятнинг ҳар бир ходимига улардан интервью олиб, газетада чиқариш топширилди. Менинг чекимга академик шоир Ғафур Ғуломдан “Ленин йўли” газетаси ҳақида фикрларини ёзиб олиш тушди.
1957-1962 йилларда Тошкентда ЎзДУнинг журналистика бўлимида таҳсил олиб юрган чоғимда Ғафур Ғуломни адабий кеча ва учрашувларда кўп бор кўриб, шеърларини эшитган бўлсам-да, дафъатан юзма-юз учрашувдан салобати босиб, иккиланиб қолдим. Ғафур ака муҳаррир хонасида телефонда ким биландир сўзлашиб турган экан, тортина-тортина ичкарига кирдим. “Ассалому алайкум!” дея ўзимни таништириб, мақсадимни айтдим.
– Шунақами, – деди кулиб. – Нима десам экан, “Ленин йўли” газетаси тўғрисидаги фикрларим “Ўзбекистон маданияти” газетасининг кечаги сонида босилиб чиққан. Ана шу мақоламни газеталарингга кўчириб боса қолинглар.
Шундай қилдик. Юбилей тантанаси Самарқанд шаҳрининг ҳозирги Алишер Навоий номли марказий истироҳат боғининг ёзги театр биносида (ҳозирги Ёшлар маркази биноси ўрнида) кечки пайт бошланди. Юбилейни вилоят партия қўмитасининг биринчи котиби Саидмаҳмуд Усмонов очди. Юбилей муносабати билан газетанинг бир гуруҳ ижодий ходимлари республика Олий Кенгаши Президиумининг Фахрий ёрлиқлари билан тақдирланганини маълум қилди. Йиғилганлар хушхабарни гулдурос қарсаклар билан қарши олишди.
Шундан сўнг “Ленин йўли” газетаси бош муҳаррири Лутфилла Ҳамроев газетанинг 10 000-сонига қадар босиб ўтган ижодий йўли ҳақида гапирди. Кейин табриклар янгради. Биринчи бўлиб сўз Ғафур Ғуломга берилди.
– Газетачилик менинг ижодий ўсишим учун университет ролини ўйнаган, – деди атоқли шоир ғурур ва ифтихор билан. – 1928 йилда, “Қизил Ўзбекистон” газетасида ишлаб юрган чоғимда Самарқандга кўчиб келдим. Бу ердаги жўшқин ижод аҳли билан яқиндан танишув ўшандан бошланди. “Ленин йўли” газетаси кўп ижод аҳлига бешик бўлди. Уларнинг кейинги авлодларидан бири суюкли укам Нормурод Нарзуллаев бўлади.
Ғафур ака шундай дея “Ленин йўли”нинг ўша кунги сонида босилиб чиққан Нормурод Нарзуллаевнинг “Ҳам шоирман, ҳам журналист” деган шеърини баланд овоз билан ўқиб берди ва ёш шоирни олқишлаб, унга ижодий парвозлар тилади.
- Бу газета, – деди Ғафур Ғулом, – ёш ёзувчилар, журналистларни тарбиялашда, уларнинг қаламини чархлашда, ўзларига хос услубини яратиш, адабий тилга ўргатишда ҳаёт ва маҳорат мактаби бўлган, бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади...
Улуғ шоирнинг ўша эътирофларини хотирлар эканман, ўзининг 110 йиллик тарихи давомида “Зарафшон” чиндан ҳам кўплаб иқтидорли ижодкорлар учун ҳаёт мактабини ўтагани, улар қаторида ўзим ҳам борлигимдан қалбим фахр-ифтихор туйғуларига тўлади.