Улуғларни улуғлаш – савоб
Ҳар бир жамиятнинг қаҳрамонлари, фидойилари бўлади. “Зарафшон” газетасига 1913 йилдан буён бош муҳаррирлик қилган ҳар бир зиёли ана шундай шарафга сазовор бўлган.
Уларнинг зиммасида жамоани бошқариш баробарида жамиятдаги ўзгаришларни теран англаш, уни халққа етказиш ва энг муҳими, ижтимоий муҳитда етакчилик қилиш юки ҳам бор эди. Ва комил ишонч билан айта оламизки, улар бу юкни кўтара олишди. Шу сабабли миллий матбуот тамал тошини қўйган, журналистика анъаналарини яратган, муҳими, халқнинг чинакам фидойи қаҳрамонларига айланган бу одамлар номи ҳануз ёдимизда.
“Зарафшон” муҳаррирлари газета қандай номланишидан қатъи назар, миллий журналистиканинг абадий қонунлари - ҳақгўйлик, ҳозиржавоблик, ҳалоллик, фидойилик мезонларига риоя этиб яшашган. Уларнинг бу савобли ишлари, эзгуликлари кейинги авлод томонидан қадрланиб, давом эттирилмоқда. Янгича замонда ҳам бу улуғ инсонлар ибрати эҳтиёжга айланаётир. Бу ибрат нафақат ижодда, журналистикада, балки ҳаётнинг барча жабҳаларида ҳар бир зиёли учун энг керакли сабоқларни бераётир.
Давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, улуғ аждодларимиз меросини қанчалик пухта билсак, уни қалбимизга жо этсак, эртанги кунимизни шунчалик нурафшон кўрамиз.
Бугун жамоамиз миллий матбуот булоқларини очган, тарихнинг суронли йилларида сўз қудратини кўрсата олган, ер юзининг сайқали ҳисобланган табаррук заминда катта ижодий мактабларини ярата олган бош муҳаррирларимиз хотирасини ёдга олишни лозим кўрди. Зеро, бу хотира ўтганлар руҳини шод қилиш билан бирга, касбимиз, қадримиз ҳурматини ҳам оширади.
Фармон Тошев.