Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасига қилинган ҳужумни кескин қоралади. “Биз тинч аҳоли ва соғлиқни сақлаш муассасаларини зудлик билан ҳимоя қилишга, шунингдек, эвакуация бўйича буйруқларни (сектор аҳолисига Исроил томонидан чақирилган) бекор қилишга чақирамиз”, деди ЖССТ бош директори Тедрос Гебреесус кеча, 17 октябрь куни.
БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш Ғазо секторидаги ал-Аҳли касалхонасига уюштирилган ҳужум оқибатларидан даҳшатга тушганини айтиб, тиббиёт муассасалари халқаро ҳуқуқ ҳимоясида эканини таъкидлади.
Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ҳам Исроилнинг шифохонага ҳужумини қоралаб, буни халқаро ҳуқуқнинг бузилиши деб атади.
Бундан ташқари, Исроилнинг касалхонага берган зарбаларини кўплаб давлатлар айблади. Миср Президенти, Иордания қироли, Сурия президенти, Куба Президенти, Ироқ ҳукумати, Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлатлар Исроилнинг ушбу ҳаракатини кескин қоралади.
АҚШ, Европа Иттифоқи дипломатияси раҳбари, Франция Президенти, Нидерландия Ташқи ишлар вазирлиги, Испания, Британия, Япония Ташқи ишлар вазирликлари ҳолта бўйича тергов ўтказишга чақирган.
17 октябрь куни Ғазо секторидаги Ал-Аҳли касалхонасига берилган зарба натижасида, 800 дан ортиқ одам ҳалок бўлган, буларнинг барчаси тинч аҳолидир, деб хабар берди анклав Соғлиқни сақлаш вазирлиги.
Фаластин президенти Маҳмуд Аббос қурбонлар хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди. Ғазодаги фожиа туфайли Эрон, Ироқ, Ливан ва бир қатор араб давлатларида 18 октябр мотам куни деб эълон қилинади.
Исроил бош вазири дастлаб шифохонага ракета зарбасини тан олмай буни Ғазонинг ўзидан амалга оширганини айтди. Бироқ, ўнлаб давлатлардан ҳарбий таҳлилчилар ва экспертлар Ғазодаги касалхонага Исроилда мавжуд, АҚШда ишлаб чиқарилган JDAM ракетаси билан зарба берилганини аниқлашган. Экспертларга кўра, JDAM ракетасининг ўзига хос сифати унинг товуши ҳисобланади. Ракета жуда катта тезликда учгани ва маълум бир шаклга эга бўлгани учун унинг товушини бошқа ракеталардан осонгина фарқлаш мумкин.