Бобурнинг Самарқандга меҳри бўлакча бўлган

Вилоят ахборот-кутубхона марказида Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги муносабати билан "Ким ёр анга илм толиби -илм керак!" мавзусида илмий амалий анжуман ўтказилди.

Самарқанд давлат университети ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда адабиётшунос олимлар, шоир ва ёзувчилар, талаба ва ўқувчи-ёшлар иштирок этди.

- Ўзбек мумтоз адабиётининг йирик вакили, буюк шоҳ ва шоир, давлат ва жамоат арбоби Заҳириддин Муҳаммад Бобур қолдирган бой маънавий мерос орадан қарийб  беш асрдан зиёд вақт ўтибдики, ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ, - дейди филология фанлари доктори Азмиддин Носиров. – Анжуманда Шарқ ва Ғарб цивилизациясида, шунингдек, бугунги ёшлар ҳаётида Бобур ижодининг ўрни хусусида атрофлича сўз юритилди.

Айниқса, тадбирда иштирок этган СамДУ талабаси Ҳилола Ҳайдарованинг буюк шоҳ ва шоирнинг қадимий шаҳримизга бўлган меҳру муҳаббати юксак бўлганлигини исботловчи “Бобурнома”да Самарқанд тасвири” номли маърузаси кўпчилик, айниқса, адабиётшунос олимларнинг эътирофига сазовор бўлди.

- Президент қарори асосида мамлакатимизда Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 540 йиллиги кенг нишонланмоқда, - дейди Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Тошпўлат Тугалов. - Назм наво билан бирга юракларга осон етиб бориши кўп бор исботланган. Шунинг учун ҳам вилоят маданият ва туризм бошқармаси билан ҳамкорликда санъаткорлар, шоир ва ёзувчилар иштирокида таълим муассасаларида “Назм ва наво” кечаларини ўказяпмиз.

Кутубхонада бошланган анжуман талаба ва ўқувчи ёшлар ўртасидаги мушоира кечасига уланиб кетди.

Шунингдек, Самарқанд давлат университетида ташкил этилган концерт дастурида Бобур ғазаллари билан айтиладиган қўшиқлар ижро этилди. Театр актёрлари томонидан саҳна кўринишлари намойиш этилди.

Тўлқин СИДДИҚОВ,

Ҳусан ЭЛТОЕВ (сурат).