Болалар омбудсмани Нурободда ток уриб ҳалок бўлган бола воқеаси бўйича расмий муносабат билдирди
Нуробод туманида 5 яшар бола ток уриши оқибатида ҳалок бўлганлиги ҳолати юзасидан Болалар омбудсмани кузатув олиб бормоқда. Бу ҳақда Болалар омбудсмани расмий баёнот берди.
Таъкидланишича, жорий йилнинг 16 май куни Нуробод туманида яшовчи, 2019 йилда туғилган Р.М. ток уриши оқибатида ҳалок бўлган. Туман прокуратураси томонидан тузилган тезкор-тергов гуруҳи ҳодиса жойига чиқиб ҳолат ўрганилганда, «Омондара» маҳалла фуқаролар йиғини, Чўнқаймиш қишлоғи ҳудудидаги тепаликда ўтган электр симини вояга етмаган Р.М. ушлаши оқибатида ушбу ҳодиса рўй берган.
Тезкор-тергов гуруҳи томонидан ҳодиса жойи кўздан кечирилиб, суд-тиббий экспертиза тайинланган. Шунингдек, ҳолат юзасидан “Самарқанд вилоят ҳудудий электр тармоқлари” АЖга хизмат текшируви тайинланган.
Ҳозирда Нуробод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Болалар омбудсмани бола манфаатлари нуқтаи назаридан ҳолат бўйича ўз кузатувини давом эттиради ва бу борада қўшимча ахборот берилади, дейилади хабарда.