Болалар педагогикаси, руҳиятининг профессори

Мактабгача таълим йўналишининг ривожланишида муносиб ҳисса қўшган устозимиз, олима Ўғилой Отавалиева 1928 йили Наманган шаҳри яқинидаги Хонобод қишлоғида дунёга келган. Қатағон йиллари Ўғилой Отавалиеванинг ота-онаси уч нафар гўдак ва чақалоғи билан Украинага сургун этилган. Ота-онаси кўп ўтмай бу хўрлик ва азоб-уқубатларга чидай олмай оламдан ўтади. Бегона юртда 4 нафар гўдак етим қолади, улар Украинанинг Николаев вилоятига қарашли болалар уйида тарбияланади. 1941 йилнинг 15 августида Ўғилой Отавалиева тарбияланаётган болалар уйи Ўзбекистонга эвакуация килинади ва Наманганга қайтиб келиб ўз ватанида, болалар уйида ўқиб, тарбияланади.
Ўғилой Отавалиева болалар уйида тарбия олгач, кейинги ўқиш фаолиятини Наманган хотин-қизлар педагогика билим юртида давом эттиради. Намангандаги қизлар мактаби ва ўзи ўқиб битирган хотин-қизлар педагогика билим юрти ўқувчиларига физика ва математика фанидан дарс беради.
1947 йилда Самарқандга кўчиб келиб, шу ердаги Алишер Навоий номидаги ўрта мактабда дастлаб кашшофларга бош, кейин физика-математика ўқитувчиси, директорнинг тарбиявий ишлар бўйича ўринбосари лавозимларида 1965 йилгача фаолият кўрсатади. Кейинчалик Самарқанд давлат педагогика институтининг физика-математика факультетининг сиртқи бўлимига ўқишга киради.
У 1965 йилда Самарқанд давлат университетининг педагогика-психология кафедрасига аспирант сифатида қабул қилиниб, «Математика фанини ўқитиш назарияси ва методикаси» ихтисослиги бўйича профессор А.Ефимовнинг илмий раҳбарлигида илмий-тадқиқот ишларини бошлаб юборади. 1967 йили аспирантура муддати тугагач, Ўғилой Отавалиева ўша кафедрада ўқитувчи бўлиб ишлай бошлади ва номзодлик диссертацияси бўйича ишини давом эттирди. 1968 йилда педагогика фанлари номзоди илмий даражасини олади. Шундан сўнг Самарқанд шаҳрида янги ташкил қилинган Самарқанд давлат педагогика институтининг педагогика-психология кафедрасига таклиф этилиб, у ерда кафедра мудири, мактабгача таълим факультети декани ва профессори лавозимларида фаолият кўрсатди.
Олима Ўғилой Отавалиева 1995 йилда Самарқанд давлат чет тиллар институтига таклиф қилиниб, мактабгача тарбия факультети деканининг муовини, кейинчалик профессор-ўқитувчи лавозимларида ишлаб келди.
Профессор Ўғилой Отавалиева қарийб 60 йиллик иш фаолияти даврида қаерда ишламасин, барча жамоа, талаба ва ўқитувчиларнинг ҳурматини қозонди, обрў орттирди. Дарҳақиқат, у иқтидорли педагог ва тарбиячи, талабчан устоз ва мураббий, фаол ташкилотчи, меҳнаткаш, иродали, ҳалол-покиза педагог-олимадир.
Ўғилой Отавалиева илмий-ижодий фаолияти давомида юзлаб илмий мақолалар, услубий тавсияномалар, рисола ва ўқув қўлланмалар ёзиб, нашр эттирди. У илмий ишларини педагогика, оила педагогикаси ва психология каби фанларни бир-бири билан узвий боғлаган ҳолда олиб борди. Олиманинг илмий ижоди 1990 йиллардан кейин самарали бўлди. Унинг 1994 йили нашр этилган «Бола тарбиясида боғча ва оила ҳамкорлиги» қўлланмасида мактабгача тарбия муассасаси ва мудирасининг ота-оналар билан ҳамкорликдаги ишининг мазмуни, шакл ва усуллари, ота-оналар қўмитаси ва унинг жамоатчилик билан ҳамкорликда ишлаши каби муаммолар ёритилган. Илова қисмида боғча мудиралари ва мураббиялар, ота-оналар қўмитаси ишларига доир амалий материаллар (режалар, тўгараклар) таълим-тарбиявий ишларда бола ҳаётини кузатиш, кўргазмалар, ота-оналар дорулфунунининг машғулот режалари берилган.
Профессор Ў.Отавалиева 2003 йили икки қисмдан иборат „Болалар психологияси“ ўқув қўлланмасини яратди. Унда бола руҳий тараққиётининг асосий қонуниятлари ҳамда бола туғилганидан илк ёши охиригача бўлган даврдаги унинг асосий ўзига хос хусусиятлари ва руҳий жараёнларининг ривожланиши ўз ифодасини топган. Шунингдек, қўлланмада боғча ёшидаги болалар ривожланишининг психологик ва конуний хусусиятлари, руҳий жараёнларининг ўзгариб бориши, боғча ёшидаги болалар фаолияти ва унинг турлари, бола шахсининг шаклланишида индивидуал-психологик хусусиятларнинг таркиб топиши ва бола ривожланишидаги муҳим жараёнларни ифода этган.
Устозимиз, профессор Ўғилой Отавалиева ўзининг ақл-заковати, меҳнатсеварлиги, талабчанлиги, тўғрисўзлиги, касбига садоқати, масъулияти билан, оилапарвар, фидоий инсон сифатида қалбимизда абадий муҳрланиб қолади.
Гулноза Каттаева,
СамДУ мактабгача таълим педагогика ва психология кафедраси ўқитувчиси.