Болалар қувончидан завқ олган "боғча опа"

Кўпинча болалар боғчага бормайман, деб хархаша қилади. Аммо бу боғчада ундай эмас...
Самарқанд тумани Деҳнав маҳалласидаги “Дилнура Ангелина” давлат-хусусий шерикликдаги ҳамда Чоршанба маҳалласидаги 14-давлат мактабгача таълим ташкилоти мудираси Дилафруз Қобилованинг болаларга меҳри ўзгача. Эрталаб боғчага кириб, аввало, тарбияланувчилардан ҳол-аҳвол сўрайди.
- Болалар меҳрга ташна бўлади. Ёдимда, боғчада ҳар тонг мудира опа бизларни юзида табассум, меҳр билан бағрига босиб кутиб оларди, - дейди Дилафруз Қобилова. – Ўша вақтлар дилимда катта бўлсам тарбиячи бўламан, деган ният туғилган. СамДУнинг педагогика-психология факультетини тугатиб, бир муддат мактаб ўқитувчиси бўлиб ишладим. Аммо барибир болаликдаги ниятимни амалга ошириш мақсади тинч қўймади. Дастлаб туманимиздаги 15-боғчада тарбиячи бўлиб фаолият юритдим. Кейин 30-боғчада мудиралик қилдим. У вақтлар боғчаларда ҳозиргидек болалар қаерда дейсиз? Ҳар бирида 15 бола бўлган икки гуруҳ бўларди. Энди 25 ёшга кирган бўлсам-да, ота-оналар олдига бориб, уйма-уй кириб, боғчанинг болалар келажагида аҳамияти катта эканлигига ишонтирдим. Таълим-тарбия сифатига алоҳида аҳамият берардим. Тарбиячилардан ҳам шуни талаб қилдим. Бизга бўлган ишонч жуда муҳим эди. Аста-секин гуруҳлар сони 4 тага етди.
2000 йилда 14-боғча-мактабда мудира бўлиб ишлай бошладим. Бу ерда болалар боғчага келиб, 4-синфгача тарбияланарди. Мактабдан кейин тарбиячилар болалар билан машғулотлар олиб борарди. Бу ишлаётган ота-оналар учун ҳар томонлама қулай эди. Бугун боғчамиз таъмирталаб, бинолари эски. Аммо фарзандини боғчага бераман, деган ота-оналар кўп. Тарбиячилар болалар билан бирга ясаган безаклар боғчанинг нуқсонларини яширади.
30 йилдан буён болаларга таълим-тарбия бериб келаётган Дилафруз опанинг мақсади катта. Имкон қадар Самарқанд туманидаги болаларни боғчага қамраб олсам, дейди. Давлатимиз томонидан берилган имконият ва имтиёзлардан фойдаланиб, давлат-хусусий шерикликда туманда биринчилардан бўлиб боғча очган ҳам шу киши.
- Маҳалламизда боғча йўқ, ишлайдиган оналар 3 километр узоқдаги боғчага фарзандини олиб боради, - дейди Д.Қобилова. - Доим “Маҳалламиз болалари нега замонавий боғчаларда таълим олмаслиги керак?”, дея ўзимга савол берардим. Шукурки, мактабгача таълим тизимига эътибор кун сайин ошяпти. Шу билан бирга, имкониятлар ҳам. 2018 йилда имтиёзли кредит олиб, давлат-хусусий шериклик асосида 100 ўринли боғча очдик. Боғча лойиҳаси устида узоқ вақт ишлашга тўғри келди. Сабаби, биз ташкил этган боғчада болаларнинг сифатли таълим-тарбия олиши учун барча шароит яратилиши керак эди. Менимча, бунга эришдик. Турмуш ўртоғим агроном бўлишига қарамай, бу жараёнда менга ҳар томонлама кўмак берди. Яхши ниятлар билан мевали дарахтлар парваришлаяпти, 4 сотих ерга иссиқхона ҳам барпо этганмиз. Бадиий гимнастика, шахмат, инглиз тили, мусиқа, тасвирий санъат каби тўгаракларимиз ҳам бор. Болалар ўз қизиқишларига қараб машғулотларга жалб қилинади. Гапиришида нуқсони бор болалар учун дефектолог-тарбиячи фаолият юритади.
Боғчада гувоҳ бўлганимиз, мудира - "боғча опа"ни кўрганда унга талпинган, кўзларига меҳр инган болалар. Уларга қараб хаёлимиздан, балки келажакда улардан ҳам Дилафруз опага ўхшаш фидойи тарбиячилар камол топса ажаб эмас, деган ўй ўтди.
Насиба Жонтўраева.