Болалар учун ингаляция: Ота-оналар нималарни билиши зарур?
Маълумки, куз фаслида ҳаво ҳарорати пасайиб, инсон организми совуқ кунларга мослашиб боради. Бу жараён аксарият ҳолларда саломатликка салбий таъсир қилиши аниқ. Оқибатда турли вирус ва бактериялар таъсирида грипп ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар кўпаяди.
Айниқса, бу пайтда болаларнинг нафас йўллари юқумли касалликларига чалиниш кўрсаткичлари йилнинг бошқа даврларига нисбатан бирмунча ортиши барчага маълум.
Айтиш лозимки, бундай ҳолатда кўпчилик ота-оналар фарзандларини уй шароитида ингаляция орқали даволашга ҳаракат қилади.
Хўш, бу қанчалик тўғри? Мазкур муолажа усулининг афзалликлари нимада? У қачон ва кимларга тавсия этилмайди?
Ушбу саволларга олий тоифали шифокор Равшанбек Умаров батафсил жавоб берди.
— Ингаляция – нафас йўлларига дориларни тўғридан-тўғри юбориш усули бўлиб, болалар учун хавфсиз ва самарали ҳисобланади, — дейди мутахассис. — Уни, асосан, нафас йўллари касалликлари, бронхит, астма, тонзиллит ва ўткир респиратор вирусли инфекциялар (ЎРВИ) даврида қўллаш мумкин.
Мазкур даволаш усулининг афзаллиги шундаки, ингаляция йўли билан қилинадиган малҳам беморга тез таъсир кўрсатади. Сабаби у орқали дори моддалари бевосита ҳужайраларга етиб бориб, хасталик аломатлари енгиллашади.
Ингаляциянинг турлари ҳар хил. Улардан баъзилари шифокор тавсияси билан амалга оширилса, бошқалари уй шароитида қўлланилиши мумкин.
Хусусан, небулайзер замонавий қурилма бўлиб, дорини аэрозол кўринишига келтиради. У болалар учун энг хавфсиз ва мақбул восита ҳисобланади. Унинг фойдаси шундаки, дорилар тўғридан-тўғри нафас йўлларига тушиб, тез таъсир кўрсатади. Небулайзерга шифокор тавсияси асосида берилган махсус дори воситаларини қўшиш мумкин.
Буғли ингаляция эса одатда шўр ва доривор моддалар қўшилган сув ёрдамида ишлатилади. У ўсмир болалар учун самарали ҳисобланса-да, кичик ёшдаги болаларда эҳтиёткорлик билан қўллаш талаб этилади.
Шунингдек, аэрозолли ингаляция махсус флаконларда тарқатилувчи дорилар билан амалга оширилиб, астма ва аллергик реакциялар учун ишлатилади.
Унутмаслик керакки, баъзи беморларга ингаляция қилиш тавсия этилмайди. Жумладан, тана ҳарорати 38°С ва ундан юқори бўлганда, ўпка ёки юрак фаолиятининг оғир бузилиши пайтида уни қўллаш мумкин эмас.
Ингаляция учун дорилар шифокор томонидан аниқланган касалликларга мувофиқ танланади.
Муолажани ўтказишда қуйидаги қоидаларга амал қилиш керак:
✔️бола тинч ҳолатда бўлиши ва тўғри нафас олиши;
✔️ ингаляцияни таомланишдан камида 1 соат олдин ёки кейин ўтказиш;
✔️ муолажа вақти 5-10 дақиқадан ошмаслиги;
✔️ небулайзер тозалигига катта эътибор бериш ва уни ҳар бир қўллашдан кейин ювиш зарур.
Унутманг, ингаляциядан ўзбошимчалик билан фойдаланиш турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис уни қўллашдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг, дея хабар беради ССВ. Болалар учун ингаляция: Ота-оналар нималарни билиши зарур?

Унутманг, ингаляциядан ўзбошимчалик билан фойдаланиш турли кўнгилсиз ҳолатларга сабаб бўлиши мумкин. Шу боис уни қўллашдан аввал, албатта, шифокор билан маслаҳатлашинг, дея хабар беради ССВ.