Олмалиқда ижод байрами ўтказилди

Тошкент вилоятидаги Олмалиқ кон-металлургия комбинати маданият саройида ажойиб ижод байрами ўтказилди.

Комбинат ишчи-хизматчилари, фахрийлари, шаҳар маҳаллаларининг фаоллари келган даврада Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, шоир ва драматург Фармон Тошев ўзининг янги шеърларини ўқиб берди. Шунингдек, меҳмон тўпланганларга Ўзбекистон давлати сиёсатининг бугунги долзарб йўналишлари хусусида ҳам тушунчалар берди. Муаллиф ёшларга, фаол зиёлиларга ўз китобларини тақдим этди.

Шундан сўнг Ўзбек миллий мақом санъати маркази Самарқанд мақом ансамбли жамоаси хонанда ва созандалари янги дастур асосида Олмалиқлик шинавандаларга концерт дастури намойиш этдилар. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Эркин Қайтаров, хушовоз хонанда Турсуной Жўраеванинг дилрабо қўшиқлари даврага ўзгача файз киритди. Дарвоқе, ушбу ансамбль сал илгарироқ Навоий кон-металлургия комбинати ишчи хазматчилари учун ҳам ана шундай дастурларини ҳавола этиб қайтган эди.

Комбинат маъмурияти ижодий анжуман якунида ижодкор ва санъаткорларга эсдалик совғаларини топширди.