Пашинян партияси Арманистондаги парламент сайловларида ғалаба қозонди

Арманистонда Миллий мажлис сайловлари якунланди. Барча бюллетенлар санаб чиқилгандан сўнг амалдаги бош вазир Никол Пашинян бошчилигидаги «Фуқаролик шартномаси» партияси 49,81 фоиз овоз тўплаб, ғалаба қозонди. Партияни 727 мингдан ортиқ сайловчи қўллаб-қувватлади.

Иккинчи ўринни Самвел Карапетян раҳбарлигидаги «Кучли Арманистон» блоги эгаллаб, 23,29 фоиз овоз олди. Роберт Кочарян бошчилигидаги «Арманистон» блоги эса 9,94 фоиз натижа билан учинчи бўлди.
Сайловлар Европа билан яқинлашув масаласи фаол муҳокама қилинган бир пайтда ўтди. Пашинян ҳукумати мамлакатнинг Европа Иттифоқи билан интеграциясини қўллаб-қувватламоқда. Шу билан бирга, бош вазир сайловдан кейин Арманистон Европа билан ҳамкорликни кенгайтириш, Евроосиё иқтисодий иттифоқида иштирокни сақлаб қолиш ва Россия билан муносабатларни ривожлантириш ниятида эканини билдирди.