Янги ғоялар ва кенг имкониятлар майдони

Самарқандда "Fikringni ber (Voice UP)" халқаро инклюзив ёшлар оромгоҳи бўлиб ўтмоқда.

Айни пайтда кўҳна кентда Россия, Туркия, Озарбайжон ҳамда Марказий Осиё давлатларидан ташриф буюрган фаол ёшлар жам бўлишган. Лойиҳанинг иккинчи куни ҳам мазмунли учрашувлар, амалий тақдимотлар ва фойдали мулоқотларга бой кечмоқда.

Иштирокчилар "Ипак йўли" туризм ва маданий мерос халқаро университетида ташкил этилган тематик семинарларда қатнашиб, хорижлик экспертларнинг маърузаларини тинглашди.

Мунозаралар давомида болалар камбағаллигини қисқартириш, “ижтимоий лифт” механизмларини ривожлантириш, алоҳида эҳтиёжли ўғил-қизлар учун инклюзив муҳит яратиш каби долзарб масалалар ўртага ташланди. ШУнингдек, ўсмирларни хавфли муҳитдан асраш, волонтёрлик ва жамоатчилик ҳаракатини кенгайтириш истиқболлари қизғин муҳокама қилинди.

Мазкур оромгоҳ навқирон авлоднинг илғор ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, тенг ҳуқуқлилик тамойилларини мустаҳкамлаш ҳамда жамиятда инклюзивликни ривожлантиришга хизмат қилувчи муҳим майдон вазифасини ўтамоқда.