Ургутда учта, Қўшработда битта маҳалланинг янги биноси фойдаланишга топширилди

Вилоятимизда аҳолига сифатли ва қулай хизмат кўрсатиш мақсадида маҳалла инфратузилмасини мустаҳкамлаш ишлари изчил давом этяпти. Шу доирада Ургут туманида учта, Қўшработда битта маҳалланинг янги биноси фойдаланишга топширилди.

Ургут туманидаги Қуйи Торинжак ва Мирзабоғлон маҳалласи учун замонавий талабларга жавоб берадиган янги маъмурий бино қурилиб, фойдаланишга топширилди. Тадбирда туман ҳокими Дилшод Сайидқулов, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси Самарқанд вилояти бошқармаси масъуллари ҳамда маҳалла фаоллари иштирок этди.

Янги бинолар фуқаролар мурожаатларини самарали қабул қилиш, аҳолига давлат ва ижтимоий хизматларни кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда маҳалла еттилиги фаолиятини янада такомиллаштиришга хизмат қилади. Шунингдек, Терак маҳалласида ҳам янги бино ишга туширилиб, унда ходимлар ва фуқаролар учун барча зарур шароитлар яратилди.

Тантанали тадбирлар давомида қурилиш ва ободонлаштириш ишларида фаол қатнашган маҳалла фаолларига ташаккурномалар ва эсдалик совғалари топширилди.

Қўшработ туманида эса “Қийқим” маҳалласи янги бинода ўз фаолиятини бошлади. Шу муносабат билан ташкил этилган тадбирда туман ҳокими Дилмурод Шакарбоев, Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси вилоят бошқармаси вакиллари, нуронийлар ҳамда маҳалла аҳолиси қатнашди.

Тадбир доирасида миллий қадриятларимизни акс эттирувчи спорт мусобақалари, куй-қўшиқлар ва ҳарбий техника ҳамда қурол-аслаҳаларнинг кўргазмали намойиши ташкил этилди.

Маълум қилинишича, ҳар бир маҳалла биносининг қурилиши ва таъмирланиши учун вилоят маҳаллий бюджетлари ҳисобидан 400 миллион сўмдан маблағ ажратилган. Бу эса маҳалла ходимларининг самарали меҳнат қилиши ва аҳолига янада сифатли хизмат кўрсатиши учун замонавий шарт-шароитлар яратиш имконини берди.