Боласи ўқимишли бўлишини истаган ота-онанинг ўзи қўлига китоб олиши керак. Акс ҳолда бундай истакдан воз кечган маъқул

Аслида табиатдаги барча жонзот боласи учун жон куйдиради. Одамзод эса насли давомчиси бўлган дилбанди учун улардан зиёд қайғурадики, кам эмас. Чунки фарзандимиз улғайиб, эл-юрт корига ярайдиган, яхши жойда ишлаб, фаровон ҳаёт кечирадиган, ҳурматга сазовор инсон бўлишини  хоҳлаймиз. Бу эзгу орзуларимиз ҳаётда нега ҳамма вақт амалга ошавермайди. Натижада “болам яхши эди, уни ташқи муҳит бузди”, деган иддаолар пайдо бўлди. Бунга ким айбдор – сизми ёки болангиз? Агар бола ўзига ўқиш-ўрганишга бўлган кўникмани бошқалардан, яъни туғилганидан бошлаб, аввал оиладан, кейин маҳалладан, мактабдан, жамиятдан сингдириб боришини ҳисобга олсак, демак, айбни фарзандингизга қўйиб бўлмайди.

Гўдак ўзаро муносабатни англаши биланоқ тақлид қилишни бошлайди. Унга бу борада ота-онаси ўрнак бўлади. Бола илк одатларини ҳам ота-онасидан олади. Агар ишдан келган ота-она овқатланиб, кейин уйқуга ётгунча телевизор кўрадиган бўлса, бола ҳам шунга ўрганади. Бирор масала устида ота-онаси баҳслашса ва уларнинг бу келишмовчилиги кўп бор такрорланиб турса, бу оилада ўсган фарзанд бир кун улғайиб, оила қурганда, албатта турмуш ўртоғи билан баҳслашадиган бўлади.

Одам асосан китоб ўқиб ўқимишли бўлади. Демак, боланинг ўқимишли бўлишини истаган ота-она ўзи қўлига китоб олиши керак. Акс ҳолда боласининг ўқимишли одам бўлиши ҳақидаги истагидан воз кечгани маъқул.

Бугунги кунда одамнинг ўқимишли эмаслиги уни қийин аҳволга солиши тайин. Аксарият жисмоний ишлар техника томонидан бажарилмоқда. Машина ва механизмларни бошқариш учун эса мутахассис, яъни маълум билим ва малакага эга бўлиши керак. Ҳозир кўриб турибмиз, илгари фақат қўлда бажарилган ишларнинг аксарияти энди мезанизмлар орқали уддаланаяпти. Фарзанди улғайганда, ҳеч бўлмаса, мутахассис бўлишини истаган ота-она уни гўдаклигидан шунга мос тайёрлаб бориши керак. Ваҳоланки, болага унинг бир ёшидан етти ёшигача бўлган даврида қандай китоблар ўқиб бериш лозимлиги ҳақида методик қўлланмалар мавжуд. Афсуски, аксарият ота-она бу қўлланмадан фойдаланмайди.

Етти ёшгача болага қандай тарбия берган бўлсангиз, у шундай улғаяди. У энди мактабга боради. Уйда китоб билан ошно тутинган бўлса, қийналмай дарсларни ўзлаштиради. Мактабда унга ўқитишдан ташқари, уйда бажариши керак бўлган вазифа ҳам берилади. Ота-она ҳар кун маълум вақтини боласининг уйга берилган вазифани қандай бажаришини кузатишга сарфлаши керак. Ҳар куни фарзанд билан бир соат шуғулланиш бола онгида   уй вазифасини бажариш керак, деган тушунчани туғдиради ва ўн-ўн беш кудан кейин болада мактабда ўтган дасларни такрорлаш ва уй вазифасини бажариш одати пайдо бўлади. Бола бу одатга кўникиши учун бир-икки ой етарли. Ана шу даврда ота-она бола билан шуғулланишни канда қилмаса, келгусида бола уй вазифани ўзи мустақил бажарадиган бўлади. Шунда ҳам бола ўқишни қандай ўзлаштириб бораётгани билан ота-она ҳар кун қизиқиши  керак. Гарчи, назорат ўрнатишдек туюлса-да, бундай йўл болада одатланиш кўникмасини шакллантиради ва эришаётган натижалари учун уни мақтаб рағбатлантириш орқали боланинг ўз устида ишлашини унинг ёқимли машғулотига айлантириш мумкин.

Болани ўқимишли қилишни хоҳлаган ота-она унга даср тайёрлаши ва ўз устида ишлаши учун муносиб шароит ҳам яратиб бериши лозим. Агар алоҳида хона қилиб бериш имконияти бўлмаса, хонанинг бурчагида бола учун алоҳида стол-стул ва  албатта, китоб учун жавон бўлиши шарт. Мактаб кутубхонасидан фойдаланиш билан бирга, ҳар ой болани китоб дўконига олиб бориб, ўзи танлаган китобни совға қилиш унда мутолаага нисбатан қизиқишни кучайтиради.

Ҳурматли ота-оналар, фарзандингиз учун яшаётган бўлсангиз, унинг келажакда ўқимишли инсон бўлиб етишишини истасангиз, фарзанд билан шуғулланишга вақт топинг. Бунинг учун озгина ҳафсала, қунт ва ирода керак, холос. Бу сизда бор. Бинобарин, кексайганда қандай умр кечиришингиз бугун фарзандингизнинг қандай ўқиб-ўрганишига боғлиқ.

Хуршид НУРУЛЛАЕВ,

Маънавият-маърифат маркази Самарқанд шаҳар бўлими раҳбари.