Бўлган воқеа: Армона ёки йўлда ҳамроҳ бўлган заифа қисмати

Университетда халқ оғзаки ижоди фанидан дарс бераман, бўш вақтларимда бахшилар яшайдиган қишлоқларга бориб, фольклор намуналарини ёзиб оламан.

Бир сафар Самарқанд вилоятининг шимолидаги Дўрмон қишлоғига бориб, Юнус ва Мисқол париларнинг Гўрўғлига ёр бўлишлари ҳақидаги достонни жировлардан ёзиб олдим. Материални тўғри Тошкент фольклор институтига етказиш учун машинамда йўлга отландим.

Куз, ҳаво совуқ, ёмғир томчилаб турибди. Аҳоли яшайдиган жойлардан узоқлашгач, чарчоқ туфайли уйқу элита бошлади. Ҳушёрликни ошириш мақсадида магнитофонни овозини кўтардим. Бахши термаси салонни ларзага солди: “Орқа овулдан келар эдим анқайиб, олдимдан бир кўза чиқди дўмпайиб, бўза ичиб янги чиқсам кападан, кадили бир опам ўтди тепадан...” Қўшиқ шу ерга етганда момақалдироқ гумбурлади, чақмоқ чақди-ю магнитофон ўчди. Елдирим шу даражада ёруғ бўлдики, йўл четида бир аёлнинг қўл кўтариб тургани аниқ кўринди. Кимсасиз овлоқ жойда, яна совуқ об-ҳавода бошдан оёқ оқ кийинган бу заифа ким бўлди? Машинани тўхтатдим.

- Ассалому алайкум, Тошкентга кетаётувдим, ҳақ йўлида ўзингиз билан олиб кетоласизми? – сўради аёл.

- Билгандек тўхтатибсиз. Ўтиринг. - Салоннинг чироғини ёқдим. Аёл орқа ўриндиққа шу қадар оҳиста ўтирдики, на бир овоз эшитилди, на машина қимирлаб қўйди: - Шерик топилди,  яхши бўлди – Тошкентга зерикмай кетадиган бўлдим. Кўзгудан аёл юзига разм солдим. “Ўткан кунлар”даги Кумушни эслатувчи бу аёлнинг юзида мунг билан безовталикнинг қоришиқ аксини кўрдим.

- Синглим, кечирасиз, манзил ҳарқалай яқин эмас, суҳбат қуришимиз табиий. Танишиб олсак яхши бўларди. Мени Бек ака деб чақиришади, сизни-чи?

- Армонаман. Исмим шунақа, ғалатироқ, – аёл бир тин олди-ю, давом этди. - Исмлар осмондан инади! Ном тақдир кўзгуси! Армоним бор, шу сабабли йўлдаман. Манзилим, айтганингиздек, яқин эмас.

 Бироз сукутдан кейин Армона ортимдан менга тикилиб қараганини аниқ сездим. Бу қараш вужудумга санчилиб, танамга сингиб кетаётгандек эди гўё.

- Менга ёрдам бера оласизми? – аёлнинг овози титраб чиқди. - Ёлғиз қизим касал. Оғир хаста. Бедаво дейишади бу дардни. Дўхтирлар аллақачон боламнинг тирик қолишидан умид узиб, ҳукм чиқариб қўйишган. Ихлоссиз ичирилган дори-дармонлар унга ёрдам бермайди. Худойим ҳар бир дарднинг давосини яратган. Бор унинг давоси! Уч кун ичида малҳам берилмаса жони узилади боламнинг, мен буни аниқ биламан. Менга ёрдам беринг! Илтимос, дуо қиламан, ёрдам берасизми?

Она боласи учун куйсагина шундай ҳиссиётли ҳолга тушишини яхши биламан. Чунки аёлим мана саккиз йилдирки фарзанд доғида. Шу мавзуда гап кетса унинг ҳам овози шу янглиғ титраб чиқади. Шошиб қолдим. Суҳбатимиз бу тарзда ўзгариб кетишини кутмагандим. Аёлни овутган бўлдим:

- Сизга албатта ёрдам бераман. Фақат қандай ёрдам беришимни тушунмай турибман. Нима қилишим керак, айтинг!

- Самарқанд шаҳрига йигирма чақирим қолганда Кўктош ота мақбараси олдида тўхтайсиз. У ерда куз фаслидан то баҳоргача бор-йўғи етти кун гуллайдиган кўк чечак деган ўсимлик ўсади. Бу йил эрта гуллади. Ярим кеча кўнгли тоза бир эр киши ўсимликни томири билан кавлаб олиши ва исириқ уруғи билан бирга қайнатиши, сўнгра қайнатмани етти кун беморга ичириш лозим. Малҳам иккинчи кундан ўз таъсирини кўрсатади. Мен сизни яхши биламан, покиза инсонсиз, бу ишни амалга ошира оласиз. Илтимос, йўқ деманг...

- Агар малҳамнинг ёрдами тегса, мен буни, албатта, бажараман.

Самарқанд яқинидаги Ағрон қишлоғига яқинлашганимизда машинамни аёл айтган томон бурдим. Кўктош ота мақбарасини топиш қийин бўлмади. Айтилган майса ҳам мақбаранинг ёнгинасида ўсаркан. Кўринишидан оддий кўкат. Чечакнинг гуллари майда, бироқ ранги тўқ кўк тусда бўлиб, унинг шифобахшлиги менда негадир шубҳа уйғотди. Ишониб-ишонмай аёлнинг айтганини қилдим. Ўсимликни томири билан ердан қазиб олдим, нам латтага ўраб, машинанинг орқа ойнаси майдончасига ихчам қилиб жойлаштирдим. Иш битди, Тошкент томон йўл олдик. Армона жим, мен эса ўз хаёлларим оғушига ғарқ бўлдим. Йўл-йўлакай аёлнинг оппоқ юзига қараб қўйиб унинг ғалати туюлган гап ва қилиқларига ўзимча изоҳ топмоқчи бўлдим. Бироқ буларнинг барчаси ҳам ақлнинг измига бўйсунмас эди. Масалан, ярим кеча аёлнинг ёлғиз бир ўзи, яна оқ кийинган ҳолда йўлимни тўсиши, тузалмас хасталикнинг оддийгина давосини билиши, самовий гўзаллиги, ғалати гаплари, мени таниши, менинг эса билмаслигим... Машина Булунғурдан Жиззах вилоятига ўтиш жойидаги халқ орасида “Юқори нуқта” номини олган ҳудудга яқинлашганда аёл яна сўз бошлади:

- Мен туғилиб ўсган юрт ҳув тепаликда кўриниб турган қишлоқ. Ҳудуддаги энг юқори жой шу тепалик. Бу  ернинг иқлими совуқ, оёғим ва белим оғриқчан бўлиб қолганда  қизимнинг дадаси Тўлқин ака дардимнинг сабабини шу совуқдан кўрган эдилар, ҳаракатдан қолганимда ҳам ўзларича мени совуққа қарши муолажа қилдирар эди. Бироқ дўхтирларнинг хулосасига кўра дардим бедаво бўлиб чиқди, умрим бор-йўғи бир ой давом этиши керак эди. Шунга ҳам мана уч йил бўлибди. Энди эса қизим...

- Врачлар ҳам адашишларига имонингиз комил бўлдими, сиз эса ваҳима қиласиз. Ҳозир ҳам саводсиз врачлар йўқ эмас, мана, сизга қўйган ташхислари бедаво бўлса туппа-тузук юрибсиз-ку. Сизни соғ кўриб роса хижолат бўлгандир бу дўхтирлар! – қўлимни пешонамдаги кўзгуга пахса қилиб гапирар эдим.

- Улар мени соғ кўришмаган, - аёлнинг юзида табассум пайдо бўлди, - кўришганда юраклари ёрилиб ўлишармиди...

Бироз сокинликдан кейин аёл менга малҳамни қандай тайёрлашни ва қай тартибда қизига ичиришни тушунтирди.  

Тошкентга яқинлашганимизда осмондаги булутлар сийраклашиб, шарқ томондан қуёш оқариб чиқа бошлади. Армона безовталангандек бўлди.

- Бек ака, сиз буни уддалайсиз, ишончим комил. – У бир оз тин олгач, гапини яна давом этди. - Тўлқин акага ҳам қийин бўлди. Бир йўқотишдан кейин иккинчисини кўтаролмайдилар, синадилар. Уч йилдан бери не азобларни бошларидан кечирмадилар, мен учун жуда куйдилар. Ўзлари билан ишлайдиган Барчин жуда имонли аёл. – Армонанинг томоғига бир нима тиқилгандек йўталиб олди: - Барчин қизимни ёлғизлатиб қўймаслигига ишончим комил! Мен розиман! Шу ерда, Бек ака, домла, сиз билан хайрлашамиз. У ёққа энди ўзингиз кетасиз.

“Манзилингизга олиб бориб қўяман”, дейишимга қарамай аёл оиламнинг шаънига дуо қилди ва машинадан тезда тушиб кетди. Армона тушгандан кейин ўчиб қолган магнитофон ишга тушиб оҳиста қўшиқ янгради: “Менку чавгонман, нигоҳинг олмагин мендин нари, Қистама отингни  эй, Армон мени тарк айлама…”

Чарчоқ ўз ишини қилди. Аёлнинг кетидан термулиб кўзимни уйқу элита бошлади. Қанча ухлаганимни билмайман. Машинам йўл четида турарди, ёнимдан эса Тошкент тарафга отланган машиналар оқими тўхтамасди. Машинамни ўт олдирдим ва йўлимни давом эттирдим.

Тошкентга боргач, малҳамни олдимда, тезда Армона айтган касалхона томон йўл олдим. Регистратурадагилардан Армонанинг қизи ётган палатани аниқлаб, ёнига ўтдим.

Етти ёшлардаги қизалоқ оғир аҳволда ётар, унинг ёнида сочлари тўзиб кетган, жуда чарчаганлигидан юзи эзилгандек, ичига ботган кўзлари бемаъно боқаётгандек тасаввур уйғотган бир киши ўтирган эди. Бу одам қизалоқнинг дадаси Тўлқин ака экан. Салом-аликдан сўнг мен унга Армона ва унинг малҳами ҳақида гапира бошладим.

Тўлқин ака менга талмовсираётган девонага дуч келган киши сингари яқин келиб кўзимга термулди-да, қўлларини пахса қилиб бақира кетди:

- Ҳув, ука! Ҳозир нималар дединг? Нималар деб валдирадинг?! Менинг аёлим бундан уч йил олдин саратон касаллигидан вафот этган! Шунча йилдан бери ёлғиз фарзандимиз – қизимни  ўзим катта қилдим. Манглайимга ёзиғлиқ экан, кўрмайсанми, қизим ҳам онасининг касали билан оғриб қолди. Қани бўл, яхшиси бу ердан жўна!

Унда мен машинада беш соат ким билан гаплашиб келдим, наҳотки ҳаммаси туш бўлса, қолаверса Тўлқин аканинг хотини вафот этган экан, демак, ҳақиқатан ҳам қовун туширибман чоғи.

- Ака, мени кечиринг, адашибман, сизни ранжитганим учун узр сўрайман, - дея қўлим кўксимда аста палатадан чиқа бошладим.  

- Мана Армонанинг сурати! – Тўлқин ака ранги учиб кетган кўйлагининг чўнтагидан ғижим целофан пакетчага ўралган, атлас кўйлакдаги бир аёлнинг суратини кўрсатди. – Яхшилаб қара! Кўрдингми? У ўлган! Сенга кўриниши асло мумкин эмас!

Тўлқин ака кўзини енги билан артиб ўзини четга олди.

Мен суратни кўриб ҳайрону лол бўлиб қолдим. Ё тавба, суратдаги аёл айнан Армонанинг ўзи-ку! У ўлган бўлса мен машинамда ким билан гаплашиб келдим? Астағфируллоҳ!

Тўлқин акага юзландим:

- Менга қаранг, куни кеча шу аёл билан бирга Самарқанддан Тошкентга келдим. У менга сизлар ҳақингизда гапириб бермаганда, бу ерга келмас эдим. Ишониш-ишонмаслик сизнинг ихтиёрингизда. Аёл ким бўлишидан қатъий назар, қизингизга малҳамни тезроқ ичириш керак. Вақтни бой бериб қўйсак, уни йўқотиб қўямиз. Менга ишонинг! Қизингизнинг тузалишига умид боғлаб, уни даволашга киришайлик. Аёлнинг Армона ёки бошқа эканлигини эса кейин ҳам аниқлаб олаверамиз.

Бу гап Тўлқин акага ҳам маъқул бўлиб, ишга киришдик...

Муолажанинг учинчи куни қизнинг иштаҳаси очилди. “Бедаво” дардга йўлиққан қиз тузала бошлади! Шифохонанинг дўхтирлари қизда бўлаётган ижобий ўзгаришлардан ҳайратлана бошлади. Тўлқин ака хурсандлигидан ўзини қўярга жой тополмас, Худога шукрлар, менга раҳматлар айтар эди. Пайшанба куни эрталаб қиз ўрнидан турди. Покланиб келиб жойига ётди ва нималарнидир пичирлаб, илтижо қилди. Оғриқлардан чарчаб кетган қиз тезда яна ухлаб қолди. Тўлқин ака иккимиз энди қизнинг ёнидан силжиган ҳам эдикки, палатанинг деразалари нохос эсган елдан очилиб кетди, қизнинг “Ойижон” чинқириғи бутун палатани ларзага солди.

- Келишингизни билардим! Энди сира ёнимдан кетмайсиз-а? Мени яхши кўрасиз-ку! Мени, дадажонимни ташлаб кетолмайсиз-ку! Яна бирга бўламиз! Қолсангиз бўлди, ойижон, энди сира касал бўлмайман! Дадажоним озиб-тўзиб кетдилар. Тунлари билан сизни чорлаб чиқадилар, раҳмингиз келмайдими?! Бизнинг қийналишимизни истамайсиз-ку, ойижон! - қизнинг уйқусидаги алаҳсирашларидан ҳамширалар донг қотиб қолган эдилар. Тўлқин ака: “Армона?! Армона, сен келдингми? Шу ердамисан?!” дея, палатани айланар, деразадан ташқарига қараб, аланглар  эди. Ота-боланинг ҳолати барчанинг юрагини эзиворди, ёшгина ҳамшира қиз кўзидан оқаётган дув-дув ёшни тўхтата олмас эди. Тўлқин акани ўзига келтириш учун бориб бағримга босдим...

Қизни реанимациядан чиқаришганда, ота-бола билан ҳайрлашдим, кетиш олдидан Тўлқин акага унинг касбдоши Барчин опа, унга Армонанинг ижобий муносабати ҳақида гапириб бердим. Аканинг гапларимни ҳазм қилиб олишини кутиб ўтирмай, у ерни тарк қилдим.

  Тошкентдан Самарқандга йўл олганимда Армона билан хайрлашган   жойга келдим. Машинадан тушиб, Армона кетган тарафга қараб уни чақирдим, қизининг тузалганини бақириб айтдим, бироқ ҳеч ким менга жавоб бермади. Худди келадигандек уни ўша ерда кутиб ўтирдим. Мен билан содир бўлиб ўтган воқеанинг сир-синоатларини таҳлил қилишга ҳаракат қилдим: “Нима учун мен билан бундай ҳолат содир бўлди, Армона тушимга кирган бўлса, нега унинг айтганлари бунчалик тўғри бўлиб чиқди. Қизини тузалмас дейишган эди...”

Кунни тун қилдим. Ёмғир аста-секин томчилай бошлади, чақмоқ чақди. Ҳеч ким келмади! Машинамга чиқиб Самарқанд томон йўл олдим.

Бу воқеага ҳам беш йилча бўлди. Шу воқеадан сўнг фарзанд доғида юрган аёлим билан икки ўғиллик бўлдик. Тангрининг менга қилган ушбу инъомида Армонанинг менга қилган дуосининг ижобати бордек, назаримда.

Эркин Мусурмонов.