Бўлган воқеа: Ўн дақиқалик дуо каромати
1996 йил биринчи машинамни сотиб олгандим. Курсдошларимиз билан Ангренга борадиган бўлдик. Йўлга чиқишга ҳаракат қилиб турганимда уй телефони жиринглади...
Олсам бир қариндошимиз "Оиламиз билан эдик, вокзалдамиз, автобус йўқ, Наманганга ташлаб қўйсангиз", деб илтимос қилди. Рози бўлдим. Йўлда ёши саксондан ошган бошқа йўловчи - онахонни ҳам бир амаллаб машинамизга сиғдирдик. Юришимиз биланоқ "Пулим йўқ эди-да, дуо қиламан", дедилар онахон.
Қариндошим: "Хола, дуо қилинг-да, бу укамиз пул учунмас, дуо учун чиқдилар", деди.
Учқўрғонда бошланган дуо Қизилравотда тўхтади (10 дақиқали йўл), бундай узун дуони умримда биринчи эшитишим бўлди. "Мана биттаси тугади, яна шундан иккитаси билан уйимизга етиб борамиз" дедилар онахон. Учинчи дуо тугаганда, Тахтакўприкда ҳақиқатан тушиб қолдилар.
Мусофирларимизни уйларига етказиб, шерикларимни олиб, довон томонга кетдик.
Ўша йилларда "Қамчиқ" тоғ йўли кенгайтириб таъмирланаётган, ҳали асфальт қилинмаган, катта-кичик тошлар тўкиб чиқилган, қатнов кам бўлиб, аксар кишилар Хўжанд орқали кетадиган вақт эди. Ўшанда эндигина йигирма ёшдан ўтганлигим, мустақил машина ҳайдашни бошлаганимга бир неча ойларгина бўлгани, биринчи марта довондан ўтишим бўлгани учун қалтис хато қилгандим. Шерикларимиз олдинлаб кетгани учун етиб оламиз, деб бор тезликда ҳайдадим. Йўл нотекислиги, асфальт йўқлиги, пастликка тез юриш мумкинмаслиги, тормоз босилса шағал-тош устида машина тўхташ ўрнига мувозанатини йўқотиб, тезлаб кетаверишини билмагандим. Бир пайт қаршимиздан "КамАЗ" биз тарафга қараб чиқиб келди. Ундан олиб қочаман деб, рулни бурдим, майда тошда сирпаниб, бошқарув қўлдан чиқди. Машина сакраб-сакраб, дуч келган тарафга қараб пастлаб кетаверди. Сониялар ичида туғилганимдан ўша вақтгача бўлган ишлар-у, биз ағдарилиб кетишимиз мумкинлиги, ҳатто мотам маросимларигача хаёлимдан ўтиб кетди. Юриб-юриб чапга, ҳали тўсиқлар қўйилмаган, очиқ жар тарафга яқинлашиб боравердик. Бир-икки қадамлар қолганди шекилли, шерикларимдан бири "Аллоҳу Акбар" деб қичқириб юборди. Хаёлимда умримизнинг сўнги нуқтаси эди.
Шу пайт олдимиздан тўппак қилиб тўкиб қўйилган бир машина майин шағал чиқиб қолди. Унга урилиб, устидан сакраб ўтдик. Қарасам, йўлга тўғриланиб қолибмиз, эллик-юз қадамча юрдик, тормозлар ишлади, тўхтатиб тушдик. На бизга, на машинага ҳеч нарса бўлмаганди...
Ангренга етиб бордик. Бўлган воқеани бошқаларга айтдик. Шерикларимиздан бири "Бирор кишининг дуоларини олгандирсиз?" деди. Узоқ дуо қилган кампир ҳақида айтиб бердим...
У саёҳатимнинг ўн дақиқали қисми ҳаётимга дарс бўладиган, менга иккита дарслик ўтганди, биринчиси-пастликка тез юрса ҳалокат борлиги ва иккинчиси - ғариб кўнгиллар дуосида ижобат борлиги.
У бир умр эсимдан чиқмас воқеа бўлди...
Салим АЙЮБИЙ.