Бўлган воқеа: Онангиз нимани яхши кўришини биласизми?

Ушбу воқеа Малайзия давлатининг пойтахтидаги катта бир кафеда бўлиб ўтган.

Кун яримлаб қолган, кафе одамлар билан гавжум, кўпчилиги ёшлар ва ўрта ёшдаги аёл ва эркаклар эди. Бирдан кафе эшигидан 4-5 та башанг кийинган одамлар кириб келди, қўлларида видеокамера бор, ҳамманинг кўзи уларда, шунда улардан бири сўз бошлади:

– Ҳурматли хонимлар ва жаноблар, узр, озгина вақтингизни оламиз. Мақсадимиз шуки, ҳозир биргаликда психологик тест ўтказамиз, шартлар оддий, ҳозир хаммангизга қоғоз ва қалам тарқатамиз, кейин кетма-кетлик билан савол ўқийман, сизлар жавоб ёзасиз, холос.

Ҳамма ҳайрон. Ҳеч ким, ҳеч нарсага тушунгани йўқ, шундай бўлса-да юзларидаги кулги билан розилик ифода этиб туришарди.

Келганлардан бири ҳаммага қоғоз ва қалам тарқатиб чиқди ва биринчи сўз бошлаган киши деди:

- Ҳамма диққат билан эшитсин ва фақат ўйлаб жавоб ёзсин. Биринчи савол: Сиз онангизни яхши кўрасизми?

Ҳамма шошилганча жавоб ёзди!

- Сиз унга охирги марта қачон “Онажон, сизни яхши кўраман”, деб айтдингиз?

Ҳамма жим, жавоб ёзмоқда!

- Охирги марта қачон онангизни маҳкам бағрингизга босдингиз?

Иштирокчиларнинг кўзида қандайдир маъюслик сезила бошлади.

- Қачон охирги марта онангиз билан бирга ўтириб овқатландингиз?

- Қачон онангизни бирор жойга айлантиргани олиб бордингиз?

- Қачон онангизга бирор нима совға қилдингиз?

Кафедаги хўрандалар боягина биринчи саволга, енгиллик билан шошилиб жавоб ёзган эдилар, энди кўринг! Бошлари пастга эгилган ҳолда қўлларидаги қаламлар ёзиш ўрнига қалтирар эди!

Бошловчи яна саволни давом эттирди:

- Онангиз нимани яхши кўришини биласизми?

Бошловчи саволларни тез ўқий бошлади.

- Онангиз ҳозир нимани хоҳлаётганини биласизми?

- У ҳозир кимни соғинаётганини-чи?

- Охирги саволим: Бир кун келиб уни йўқотишингизни биласизми, уни қайтиб ҳеч қачон кўрмаслигингизни-чи?

Бошловчи саволни тугатди ва кафедаги одамларга назар солди. Уларнинг кўзлари ёшланиб, қўлларидаги қоғозда ўз изини қолдирганди, гўёки ҳамма саволларга кўзёшлар жавоб бергандек эди! Бошловчи буларни анча вақт кузатиб турди ва сўз бошлади:

- Ушбу психологик тестимиз орқали кўзингизга ёш келтирганимиз учун узр сўраймиз. Бу бизнинг навбатдаги тестимиз эди, лекин ҳар сафар саволларга фақатгина кўзёшлар жавоб беряпти, жавоб варақалари ўзларингизда қолсин эсдалик учун. Ҳолбуки, бу сизга ибрат бўлсин, - деб кафедан чиқиб кетди.

Одамлардаги жавоб ўрнига кўзёшларнинг сабаби шу эдики: улар ота-оналари билан бирга яшамас, балоғат ёшига етгач ўз йўлини танлаб шу йўлда ортига қарамай кетаётганлар эди. 

Лекин бизнинг юртда ундай эмас, минг бор шукр, барча фарзандлар ота-оналари билан бирга. Шундай бўлса-да, юқоридаги саволларни бир бор ўзингизга бериб кўринг, ишонаманки, сиз албатта ҳамма саволга жавоб ёзасиз...

Дадахон Абдулҳақов.