Бўлган воқеа: Виждон қурбони

Унинг падари бузруквори ниҳоятда салоҳиятли, зиёли, кайвони инсон эди. Нафақат оиласида, маҳаллада ҳам маънавиятда юриш-туриши билан барчага ибрат кўрсатар эди.

Табиийки, ўғлига ҳам шундай тарбия берди. Шу боисдан У болалигида, мактабда ўқиганида атрофдагилар билан жуда ширин муомала қилар, дуч келган кишига албатта салом берарди. Тағин, қўлини кўксига қўйиб "Ассалому алайкум" деб саломлашарди. Очиғи, одамлар Унга ҳавас қилишар ва "Отасининг боласида" деб қўйишарди.

У мактабда ҳам яхши ўқиди, олийгоҳда ҳам. Устозларига эҳтиромни жойига қўйди. Ҳатто ўқишни тугатиб, шаҳардаги кичик ташкилотнинг бирига ходим сифатида ишга кирганида ҳам хонасига кирганлар билан ўрнидан туриб кўришарди.

…Ҳаёт номутаносибликларга шунчалик бой эканки, баъзан эрталаб кўрган воқеанг кечқурунга бориб бошқача бўлиб рўпарангдан чиқади. Айримлар шунчалик тез ўзгариб кетяптики, гоҳида ишонгинг келмай қолади.

Унда ҳам шундай бўлди, чунки Уни бўлим бошлиғи қилиб қўйишди. Йўқ-йўқ, кўришмайди эмас, фақат "салом" дейдиган бўлди. Йиллар ўтиб, шу ташкилот бошлиғига ўринбосарликка тайинланди. Энди У ёшидан қатъи назар, ходимларидан салом кутиб турар, алик ўрнига эса "яхшимисиз" деб қўярди. Ёмони шундаки, ўзидаги бу ўзгаришни У сезмасди. Эҳтимол, мансабнинг салоҳияти таъсир қилгандир.

Яна йиллар ўтгач, шу ташкилотга раҳбар бўлди. Воажаб… Хонасига кирган кишилар Унга қараб қўлини кўксига қараб салом беришса, бош ирғаб қўядиган, имо-ишора билан "ўтир" ёки "боравер" дейдиган бўлди. Маҳаллада ҳам анчагина илгари ўзи биринчи бўлиб салом берадиган онахон ва отахонларга машина ойнасидан бошини қимирлатиб ўтадиган бўлди.

Аммо… У ўзидан катта раҳбарлар билан ҳамон отаси ўргатганидек салом-алик қиларди. Тавба, мансабнинг кучи шунчалик қудратлими-а?! Баъзилар шу бошлиқ наҳотки ўша биз билган кайвони, маърифатли инсоннинг ўғли, деб ҳайрон бўладиган бўлди.

Ҳаётнинг ўзгариши, шафқатсиз вақтнинг ўтиши Унинг ўзгаришидан кучлироқ чиқди. Мавриди келдими, хато қилдими, билмадик. Аммо лавозимидан олишди. Бир муддат уйда ўтиргач, зерикди, чунки сўраб келадиган одами саноқли эди, ҳатто улар ҳам бирин-кетин оёқ уза бошлашди.

У ўзича аввалгидек кўчага чиқди. Лекин атрофдагиларнинг бирортаси тўхтаб, салом бермайди, бепарво ўтиб кетишади. У эса шоша-пиша "Ассалому алайкум" деганида ҳам айримлари ё бош ирғайди ёки "салом" деб қўйишади. У давр қурбони эмас, виждон қурбони бўлганлигини англай бошлади. Албатта, тили ўткирлардан бирортаси пичинг қилган бўлса ҳам ажаб эмас. Ҳатто одамларнинг кечирмаслигини ҳам англаб етди. Ҳазрати инсонлар билан, отанинг сабоқлари билан, ибрати билан ҳазиллашиш мумкин эмаслигини тушунди. Минг афсуски, вақт ўтган эди.

У бугун эрталаб туриб, отасининг қабрига борди. Қуёшнинг заррин нурлари қабрнинг бир томонини жилвага бўяб турарди. Мармар тошдаги суратга қараб юраги тўлиб кетди.

- Ассалому алайкум, отажон… Мени кечиринг.

У отасининг жавоб бермаслигини билади. Энди Худонинг олдида ўзи жавоб бериши кераклигини ҳам билади. Шу сабабли тиловат қилгач, ўрнидан туриб, қуёш нурлари билан бирга яна ўша бўм-бўш уйига қараб юрди.

Тоҳир ҲАМИДОВ,

Каттақўрғон шаҳри.