Бош прокуратура очлик эълон қилган тадбиркор иши юзасидан ахборот берди

Фуқаро Р.Ходжаевнинг интернет тармоқларида тарқалган видеомурожаати юзасидан Бош прокуратура қуйидагиларни маълум қилди.

Р.Ходжаев уй-жой қуриш учун “И.Фозилов” МЧЖ ҳудудидан ер участкаси ажратиб бериш эвазига фуқаро М.Б.дан фирибгарлик йўли билан 17.500 АҚШ доллари олиб, участка ажратмасдан ҳамда пул маблағларини қайтариб бермасдан келаётганлиги ҳолати юзасидан Бухоро вилояти прокуратураси томонидан жорий йилнинг июль ойида “И.Фозилов” МЧЖ таъсисчиси Р.Ходжаев ва жамият раҳбари М.Гулямоваларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.

Мазкур жиноят иши бўйича ўтказилган дастлабки тергов ҳаракатлари давомида Р.Ходжаев М.Гулямова билан жиноий тил бириктириб, жамият ҳудудидаги нотурар бино иншоотларини бузишдан ҳосил бўлган бўш ер майдонларини фақатгина саноат ишлаб чиқариш корхоналари қуриб, фаолият олиб бориладиган нотурар жой тоифасига мансублиги ҳамда тегишли қонунчилик ҳужжатлари талабларига кўра, ер давлат мулки эканлиги, уни тасарруф этиш мумкин эмаслиги ҳақидаги маълумотларни яшириш орқали якка тартибда уй-жой қуриш учун ер участкаларига муҳтож бўлган бир неча фуқароларга 2015-2016 йиллар давомида ҳужжатларни қалбакилаштирган ҳолда фирибгарлик йўли билан 88.000 АҚШ долларига сотганлиги аниқланган.

Юқоридаги ҳолатларга асосан терговга жалб қилинган Р.Ходжаев бир неча маротаба вилоят прокуратурасига тергов ҳаракатларини амалга ошириш учун чақирилишига қарамасдан, у асоссиз равишда терговдан бўйин товлаб, яшириниб келган.

Шу сабабли Р.Ходжаев вилоят прокуратурасига мажбурий тартибда келтирилиб, суд ажримига асосан эҳтиёт чораси сифатида қамоққа олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари давом этмоқда.