Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Тадбиркорлик субъектларининг кредит саводхонлиги етарли эмас

Бу уларга кўпинча “қиммат”га тушяпти. Ҳолатни Самарқанд мисолида кўриб чиқамиз.

Ўтган йили банклар томонидан вилоятдаги иқтисодий судларга кредит шартномасидан келиб чиққан низолар юзасидан 474 та даъво аризаси берилган. Аризалардан 12 тасини қабул қилиш рад этилган, 47 таси қайтарилган. Шунингдек, 415 та даъво аризаси судларда кўриб чиқилиб, қарздорлардан 90 миллиард 450,1 млн. сўм қарз ва фоизлар даъвогар (банк)лар фойдасига ундирилган.

Жорий йилнинг биринчи 6 ойида эса банклар томонидан 590 та даъво аризаси берилган. Улардан 9 тасини қабул қилиш рад этилган ва 53 таси қайтарилган. Судларда кўрилган 526 та иш бўйича даъвогар (банк)лар фойдасига 101 миллиард 17,3 млн. сўм ундирилган.

Масалан, “Ўзсаноатқурилишбанк” Самарқанд вилоят филиали 2016 йил 15 сентябрдаги кредит шартномасига асосан “DON Invest Mahsulotlari” МЧЖга олти ойлик Libor + 10,7 фоиз устама тўлаш шарти билан 5 йил муддатга, 12 ойлик имтиёзли давр билан кредит ажратган.

Кредит таъминоти сифатида жавобгарга тегишли бино ва технологик ускуна гаровга қўйилган. Шунингдек, кредитнинг тўлиқ қисмига “Jahon Keramika Invest” МЧЖнинг кафиллиги расмийлаштирилган.

Қарздор шартнома мажбуриятларини лозим даражада бажармаган, жадвалга асосан кредитни ўз вақтида қайтармаган, юборилган огоҳлантириш хатларини оқибатсиз қолдирган. Шу сабаб банк манфаатида Савдо-саноат палатаси вилоят ҳудудий бошқармаси жавобгар ва кафилга нисбатан судга даъво аризаси билан мурожаат қилган.

Унда жавобгардан 133 781 доллар муддатли кредит қарзи, 4 188,24 доллар ҳисобланган фоиз, 80 074,5 доллар муддати ўтган кредит қарзи, жами 218 043,74 доллари ундиришни, ундирувни гаров ва солидар тартибда кафилнинг мол-мулкига қаратишни сўраган.

Ушбу ҳолатда жавобгар кредит тўловлари ва фоизларини жадвалда белгиланган муддатларда қайтариш мажбуриятини бажармаганлиги учун муддати ўтган қарздорлик вужудга келган. Оқибатда Самарқанд шаҳар иқтисодий судининг 2021 йил 12 мартдаги ҳал қилув қарори билан даъво қаноатлантирилиб, жавобгар ва кафилдан кредит қарзи муддатидан олдин ундирилди. Ундирув гаров мулкига қаратилиб, суд харажатлари ҳам қопланди.

Хулоса шуки, судларда кредит муносабатларидан келиб чиқадиган низолар сони ортгани тадбиркорлик субъектларининг бу борадаги ҳуқуқий саводхонлигини янада ошириш лозимлигидан далолат беради.

Ж.Юсупов,

вилоят суди судьяси.