Бўш қалбни ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди...
Фозил Искандарнинг ҳаёт тўғрисидаги иқтибослари
Ёзувчи, журналист, шоир ва жамоат арбоби Фозил Искандар тириклигида классик деб эътироф этилган. Ёзувчи асарлари асосида фильмлар суратга олинган, спекталлар саҳналаштирилган. Искандарнинг китоблари Европанинг барча тилларида ўқилади.
Моҳир сўз устаси ҳеч кимга ўхшамайдиган, ўзига хос нозик ҳилқатга эга эди. Унинг жуда оддий, бироқ чуқур маънога эга ҳикматли иборалари кишини ўзига мафтун қилади:
* ... Бўш қалбни ҳеч нарса билан тўлдириб бўлмайди. Руҳнинг бўшлиги биз учун номаълум бир ҳодисот.
* Чиркин одам ўз ҳидини сезмайди.
* Бадавлат киши боридан айрилиб қолса, у яна қирқ йил ўзини бойлардек ҳис қилади. Тиланчи бойиб кетгудек бўлса, у ўзини яна қирқ йил тиланчидек тутади.
* Ҳасад – идрок кўзларидаги қора боғич.
* Бахтли бўлиш учун инсонда яна бир имконият бор – бу бировнинг бахтидан қувониш қобилияти. Негадир, катталар камдан-кам ҳолларда бу маҳоратни сақлаб қолишган.
* Бировга ҳасад қилдингми, демак, унинг сендан устунлигини тан олдинг.
* Баъзида одамлар жамоадаги қўлансаликни руҳий бирлик, деб билишади.
* Инсон ҳалол бўлиши керак, бу ҳар қандай шароитда ва ҳар қандай ҳокимият остида бажарилиши мумкин. Ҳалоллик қаҳрамонликни талаб қилмайди, у пасткашликда иштирок этмасликни кўзлайди.
* Оддийлик – бу шак-шубҳасиз ички мукаммаллик ҳиссидир.
* Ўқимишлилик – бу ўқилган китоблар сони эмас, балки тушунилганлари.
* Агар телевизор бузилиб қолса, ҳамма уни тузатишга шошилади. Лекин ҳеч ким телевизордан шикастланган мияларни тузатишга шошилмайди.
* Донишмандлик – виждон билан суғорилган ақл.
* Ҳақиқий эркак – бу донишмандлик, мардлик ва раҳмдиллик. Ҳақиқий аёл шунақаки, у учун эркак донишманд, мард ва раҳмдил бўлишга интилади.
* Афсуски, қўрқоқликнинг қиймати ёлғон бўрттириб кўрсатилган бир пайтда жасорат кўпинча ҳаёт ҳиссининг қадрсизланиши оқибатига айланиб қолмоқда.
* “Ғалаба” сўзини суиистеъмол қилманг... Мен уни “енгиб чиқиш” сўзи билан алмаштирган бўлардим. “Ғалаба” сўзида менга аҳмоқона хитоб зарбаси эшитилади.
* Агар донишмандлик эзгулик қилишга ожиз бўлса, у фақат қўлидан келганини қилади – ёмонликнинг йўлини узайтиради.
* Камтарлик камтарона бўлиши керак. Ўта кўзга ташланадиган камтарлик эса ботиқ сурбетликдир.
* Тарбиянинг қадри шундаки, аслида тарбияга муҳтож бўлмаган кишилар тарбияга осон берилади.
Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.