Бош вазир ўринбосари Ургутда йиғилиш ўтказди. Туманда таълим сифати ошадими?
Ургут туманидаги 149-умумий ўрта таълим мактабида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Б. Мусаев раҳбарлигида йиғилиш ўтказилди.
Вилоят ва туман ҳокимлиги масъуллари, таълим соҳаси ходимлари, вилоятлари олий таълим муассасалари ректорлари, мактаб директорлари иштирокида ўтказилган йиғилишда Самарқанд вилояти халқ таълими тизимидаги муаммолар, жумладан, вилоят ҳамда республикада энг қуйи ўринларда бўлган Ургут туман халқ таълими соҳаси танқидий-таҳлил этилди.
Қайд этилишича, Ургут тумани халқ таълими бўлими тасарруфида 143 умумий ўрта таълим мактаби, 14 мактаб филиали мавжуд. Мазкур мактабларда 6463 нафар ўқитувчи 104 мингдан ортиқ ўқувчига таълим-тарбия бериб келмоқда. Бироқ туман мактабларида малакали ўқитувчиларнинг етишмаслиги, кадрлар қўнимсизлиги, ўқувчилар ҳамда уларнинг ота-оналарининг мамлакатимизда амалдаги қонунларимизга мувофиқ жорий этилган мажбурий таълимга совуққонлик билан муносабати туфайли таълим сифати ва самарадорлигининг йилдан-йилга пасайиб кетиши кузатилмоқда. Буни Ургут тумани мактабларидаги таълим сифати кўрсаткичлари нафақат вилоятда, балки республикада ҳам энг охирги ўринларда эканлиги ҳам тасдиқлайди.
Жумладан, 2019/2020 ўқув йилида тумандаги 111 мактабнинг 346 нафар битирувчиси ёки 4,7 фоизи олий таълим муассасаларига ўқишга кирганлиги, 17 мактаб ёки 22 фоиз мактаб битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаганлиги, айрим мактабларда икки йил давомида бирорта ҳам битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кирмаганлиги, умумтаълим мактабларида таълим сифати ва самарадорлигини ошириш борасида етарлича ишлар олиб борилмаганлиги муҳокама қилинди.
Мазкур муаммоларнинг асосий ечими сифатида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 6 ноябрда қабул қилинган фармон ва қарорларини туманда кенг ҳаётга татбиқ этиш, уларнинг мазмун-моҳиятини педагоглар орасида тарғиб қилиш юзасидан Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари Иброҳим Жўраев, олий таълим муассасалари ректорлари, вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбар-ходимлари ҳамда мактаб директорлари ўз таклифлари, фикр-мулоҳазаларини билдиришди.
Бошқарма ахборот хизматининг маълум қилишича, Б.Мусаев фаолияти давомида масъулиятсизликка йўл қўйган мактаб директорлари, масъул раҳбарларнинг фаолиятини қайта кўриб чиқиш, мактаб ва олий таълим муассасалари ҳамкорлигини мустаҳкамлаш, юзаки ёндашувлардан ҳоли тарзда, аниқ мақсад белгилаб, амалий натижага эришиш юзасидан таклиф ва ташаббусларини билдирди. Бу борада масъулларга аниқ топшириқлар берди.