Бошланғич синфларга дарс ўтилмаганлиги сабаб мактаб директори ишдан бўшатилди

Маълум бўлишича, жорий йилнинг 15 январь куни ижтимоий тармоқ орқали “Дам олиш куни бўлмаса-да, мактаб ўқувчиларига дарс ўтилмади” номли Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 26-умумтаълим мактабидаги ҳолат бўйича маълумот тарқалди.
Ушбу ҳолатни Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси изоҳлаб берди.
Маълум бўлишича, жорий йилнинг 14 январь куни Каттақўрғон тумани халқ таълими бўлими тасарруфидаги 26-умумтаълим мактаби директори Ш.М. мактабда педагогик кенгаш ўтказиш мақсадида директорнинг ўқув-тарбия ишлари бўйича ўринбосари Ў.Н. орқали бошланғич синф ўқувчиларига дарсга келмаслик бўйича топшириқ беради.
Оқибатда шу куни мактабнинг 1-, 2-, 3- ва 4-синф ўқувчилари дарс машғулотларига келмайди.
Ҳолат юзасидан 2020 йил 14 январь куни Каттақўрғон тумани адлия бўлими ҳамда туман халқ таълими бўлими масъул ходимлари томонидан ўрганиш ишлари олиб борилиб, ўқувчиларнинг ҳақиқатан дарсга келмаганлиги ва унинг сабабларига аниқлик киритилган.
Ҳозирги кунда 26-умумтаълим мактаби директори Ш.М. ўз аризасига мувофиқ лавозимидан озод этилди.