Самарқанддаги “қизил” мактабларга навоийлик ўқитувчилар директорликка тайинланди
Самарқанд вилоятининг олис ҳудудларидаги таълим сифати паст, умумтаълим мактабларига қўшни вилоятлардаги таълим муассасаларининг малакали мутахассислари директорликка жалб этилмоқда.
Жумладан, бугун Каттақўрғон туманидаги 66-, Қўшработдаги 19- ва Нуробод туманидаги 71-мактабга Навоий вилоятидаги таълим сифати юқори бўлган мактабларда фаолият кўрсатаётган тажрибали ўқитувчилар директор этиб тайинланди.
– Давлатимиз раҳбарининг 2020 йил 6 ноябрдаги “Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу қарор асосида Халқ таълими вазирининг 2021 йил 26 февралдаги қарори билан тасдиқланган “Туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари ҳузуридаги юридик шахс мақомига эга бўлмаган халқ таълими ходимларини рағбатлантириш жамғармаси маблағларини шакллантириш ва улардан фойдаланиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги буйруғига мувофиқ, олис ҳудудлардаги ва таълим сифати паст бўлган мактабларга малакали мутахассисларни жалб қилиш ҳамда уларни моддий рағбатлантириш чоралари кўрилмоқда, – дейди вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева. – Шу пайтгача вилоятимиздаги мактабларда 30 нафар педагог-ўқитувчи бошқа вилоят ва туманлардан келиб фаолият олиб бораётган эди. Яқинда Фарғона вилоятида меҳнат ярмаркаси ўтказиб, 51 нафар олий ва биринчи тоифали инглиз тили, она тили ва адабиёт, биология, кимё ҳамда математика ва физика фанлари ўқитувчиларини Нуробод, Қўшработ ҳамда Каттақўрғон туманларининг олис ва “қизил” тоифадаги мактабларига ишга қабул қилган эдик. Эндиликда директорликка ҳам бошқа вилоятдан бўлса-да тажрибали педагогларни жалб қиляпмиз.
Қўшработ туманидаги 19-умумий ўрта таълим мактаби “қизил” тоифадаги мактаб ҳисобланади. Муассасада фаолият олиб бораётган 27 нафар ўқитувчининг атиги 2 нафари биринчи, 8 нафари иккинчи тоифали ўқитувчилардир. 2019/2020 ўқув йилида мактабни битирган 13 нафар 11-синф битирувчисидан бирортаси олий ўқув юртига ўқишга кира олмаган.
Бугун ушбу мактабга Ички ишлар вазирлиги Навоий академик лицейи директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари вазифасида фаолият олиб борган Ўктамжон Мардонов раҳбарликка тайинланди.
Мактаб жамоаси ва маҳалла фаоллари билан учрашув чоғида вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи З.Шодиева, туман фаоллари ва депутатлар бу каби чора-тадбирлар мактабда таълим сифатини ошириш, ёшларнинг пухта билим эгаллаб, келажакда ўзлари қизиққан йўналишлар бўйича олий маълумот олиб, жамиятда ўз ўринларини топишларига қаратилганини таъкидлади.