Мактабда таълим сифатини назорат қилмаган директорлар ва уларнинг ўринбосарларига чора кўрилди
Умумтаълим муассасаларида таълим-тарбия жараёнларидаги муаммоларни жойида ўрганиш, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ижроси ва умумтаълим муассасаларининг куз-қиш мавсумига тайёрлиги ҳолатини кўздан кечириш мақсадида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси мутахассисларининг ишчи гуруҳи Булунғур туманидаги мактабларда бўлди.
Булунғур тумани ҳокимлигида мазкур ўрганиш ишларига бағишланган йиғилишда ҳокимлик ва вилоят халқ таълими бошқармаси раҳбар-ходимлари, мутахассислари, туман халқ таълими бўлими вакиллари, мактаб директорлари ва уларнинг ўринбосарлари иштирок этди.
Туман ҳокими Баҳодир Баҳромов ҳамда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов ўз нутқида халқ таълими соҳасини ривожлантириш, мавжуд муаммоларни бартараф этиш, педагог-ходимларнинг жамиятдаги ҳурматини ошириш, моддий ва маънавий рағбатлантириш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, Президентимизнинг доимий эътибор марказида эканлигини алоҳида таъкидлашди. Бироқ айни пайтда баъзи таълим ходимларининг ўзибўларчилик кайфиятида фаолиятига ёндашуви билан бу ислоҳотларни амалиётга татбиқ этиб бўлмаслигини уқтирди. Ўзгаришни истамаётган, масъулиятни унутган, халқ фарзандининг келажагига хиёнат қилаётган педагог-ходимлар соҳада қолиш-қолмаслигини ўйлаб кўришнинг вақти келганини қайд этишди.
Бошлиғининг биринчи ўринбосари Қўлдош Саидов вилоят халқ таълими бошқармаси ишчи гуруҳининг ўрганиш натижаларига бағишланган ҳисоботни ўқиб эшиттирди.
Булунғур туманида 69 та умумтаълим мактаби бор. Уларнинг 54 тасидаги таълим-тарбия жараёнлари, ўқувчиларнинг давомади, мактабда доимий юритиладиган ҳужжатлар, қарор ва фармонлар, вазирлик ҳамда бошқарма буйруқларининг ижросини таъминлаш ҳолатлари билан бошқарма ходимлари бевосита танишди.
Таъкидлаш жоизки, жорий йилда тумандаги 35-мактабда 270 ўринли қўшимча бино қурилиб, 2,306 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди.
Куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш мақсадида 10 та мактабнинг иситиш тармоқлари янгиланди, 12 та мактабга 53 та иситиш қозонлари қуриб берилди. 12 та мактабда жорий таъмирлаш ишлари олиб борилди, 7 та мактабга янги ҳожатхона қуриш каби бунёдкорлик ишлари амалга оширилди.
Шу йил тумандаги 7-умумтаълим мактабининг биология фани ўқитувчиси (Марҳабо Сувонқулова) “Халқ таълими фидойиси” кўкрак нишони билан, 42-умумтаълим мактаби директори (Дилбар Махрамқулова), 2-умумий ўрта таълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси (Нилуфар Пардаева) ва 46-умумтаълим мактабининг кимё фани ўқитувчиси (Дилафруз Тошпўлатова) «Халқ таълими аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирланди.
Афсуски, мактабларда мазкур ютуқлар билан бир қаторда камчиликлар ҳам бисёр. Туман мактабларини битирган ўқувчиларнинг ОТМга кириш кўрсаткичлари, ўқувчиларнинг билим даражаси ва педагог-ходимларнинг малака ва тажрибаси бўйича вилоят рейтингида Булунғур 8-ўринда.
2019/2020 ўқув йили якуни билан Булунғур туманидаги 13 та: 10-, 27-, 29-, 31-, 32-, 39-, 41-, 51-, 57-, 59-, 60-, 61-, 62-мактабларнинг бирорта ҳам битирувчиси олий таълим муассасаларига ўқишга кира олмаган. 13 та мактабдан эса 1 нафардан, 10 та мактабдан 2 нафардан битирувчи талабаликка тавсия этилган.
Жорий йилнинг 21, 25 ва 26 ноябрь кунлари мактаблардаги ўрганиш ишлари давомида бир қатор камчиликлар аниқланди. 3-, 4-, 14-, 17-, 20-, 29-, 53-, 56-, 61- ва 71-мактабларнинг директор ва директор ўринбосарлари мактабдаги таълим-тарбия жараёнларини назорат қилиши, ўқитувчиларнинг дарсларини таҳлил этиши, синф журналларининг юритилиши, шунингдек, ўқувчиларнинг давомади бўйича жиддий камчиликларга йўл қўйиб келаётгани маълум бўлди. Алоҳида таъкидлаш жоизки, таълим-тарбия жараёнлари ва мактаб раҳбар-ходимларининг ўз вазифасига масъулиятсизлиги етмагандек, улар бугун соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлардан ҳам деярли бехабар. Негаки, улар жорий йилнинг октябрь-ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига қўйилиб, 6 ноябрь куни Президентимиз томонидан тасдиқланган фармон ва қарорларнинг мазмуни ҳақида етарли тушунчага эга эмас. Мактаб ўқитувчиларига намуна бўлиши лозим бўлган масъуллар бу ҳақда жўяли фикр ҳам билдира олишмади.
Мактабларда куз-қиш мавсуми олдидан етарлича тайёргарлик кўрилмаган ҳолатлар ҳам кузатилди. Ўқувчилар ва ўқитувчиларнинг иссиқ кийимларда дарсда ўтирганини кўриш мумкин. Бунга муассаса ходимлари турли баҳоналар ўйлаб топишга ҳаракат қилишди. Бироқ қозонхоналарнинг созлиги ўз вақтида текширилмаганлиги, кулдан тозаланмаганлиги, ҳар куни синфхоналарни иситишга кеч киришилаётгани ва қўл учида ёндашилаётганлиги, техник ходимларнинг масъулиятсизлиги ҳақида бирор ким “лом-мим” дейишмади. Ҳожатхоналарнинг антисанитар ҳолатда эканлиги, мунтазам зарарсизлантирилмай келинаётгани киши таъбини хира қилади. Баъзиларида ҳожатхонага кириб-чиққан ўқувчиларнинг қўл ювиши учун шароит яратилмагани муассасада мана шундай оддий, аммо муҳим тарбияга, озодаликка лоқайдлик билан қаралаётганини кўрсатди. 1-, 4-, 7-, 37-, 38-, 51-, 52-, 55- ва 63-мактабларда шу каби камчиликлар кузатилди.
Муҳокамалар якунида фаолияти давомида юқоридаги камчиликларга йўл қўйган, икки йилдан буён бирорта битирувчиси ОТМга кирмаган (10-, 31-, 32-, 39-, 41-, 57-, 60- ва 62-мактаблар), таълим сифати ва самарадорлигига лоқайдлик қилиб келаётган 17 нафар мактаб директорларига нисбатан интизомий жазо қўлланилган бўлса, айримлари лавозимидан озод этилди. Фаолияти давомида сусткашликка йўл қўйган ва таълим-тарбия жараёнларини белгиланган тартибда назорат қилмаган мактаб директорлари ва директор ўринбосарлари қатъий огоҳлантирилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.