Ургут туманидаги 126-мактаб директори нега лавозимидан озод этилди?

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи ва бошқарма мутахассислари мактабларда таълим сифатини ошириш, "қизил” тоифадаги мактаблардаги мавжуд муаммоларни ўрганиб, уларга ижобий ечим топиш ва зарур тавсиялар бериш мақсадида Ургут туманида бўлди.

Тумандаги қатор таълим муассасалари фаолияти билан яқиндан танишиш чоғида мактаб директорлари, ўринбосарлар ва ўқитувчиларга таълим сифатини ошириш, ўқувчиларга дарс ўтишда интерфаол усуллар, кўргазмали қуроллар ва илғор тажрибалардан кенг фойдаланиш тавсия этилди.

Тумандаги "қизил" тоифага киритилган 126-умумий ўрта таълим мактабида бўлишганида ушбу таълим даргоҳида таълим сифатини яхшилашга, ўқувчиларни олий маълумотли бўлиш ва олий таълим муассасаларига ўқишга киришга қизиқишини оширишга совуққонлик билан ёндашилгани маълум бўлди. Масалан, биргина ўтган ўқув йилида мактабни битирган 61 нафар ўқувчидан бирортаси олий таълим муассасасига ўқишга кирмаган. Шу боис 6 йилдан буён директорлик қилиб келаётган Т.Назаров ўз лавозимидан озод этилди.

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.