Бошқа мамлакатларда интернет қанча туради?

2025 йилдаги рейтинг

Бугунги кунда интернет дунё бўйлаб ижтимоий тармоқлар ва рақамли ҳаёт тарзи учун асосий инфратузилмага айланган. Шунга қарамай, турли мамлакатларда интернетга уланиш нархлари сезиларли даражада фарқ қилади.

“We Are Social” масс-медиа компанияси томонидан тақдим этилган инфографикада 2025 йилда 60 дан ортиқ мамлакатда қайд этилган кенг полосали интернет нархлари мегабит/сония (Мбит/с) бўйича солиштирилган.

Маълумот учун: Мегабит (Мбит) ва мегабайт (МБ) ўртасида фарқ бор. Мегабит – маълумотларни узатиш тезлигини, мегабайт эса маълумотлар ҳажмини ифода этади. 1 мегабайт = 8 мегабит.

Энг қиммат интернет

Рўйхатнинг энг юқори поғонасида Бирлашган Араб Амирликлари жойлашган - бу ерда 1 Мбит интернетнинг ўртача нархи 4,31 долларни ташкил этади. Бу кўрсаткич Ганадаги нархдан деярли икки баробар қиммат - у ерда 1 Мбит 2,58 долларга тўғри келади.

Бундай юқори нархлар, одатда, чекланган рақобат, инфратузилмани ривожлантиришдаги мураккабликлар ва тартибга солишнинг ўзига хос хусусиятлари билан боғлиқ. Швейцария, Кения ва Марокаш ҳам рўйхатнинг юқори қисмида жойлашган - бу мамлакатларда 1 Мбит интернет нархи 1 доллардан ошиб кетади.

Энг арзон интернет

Шарқий Европа давлатлари интернет нархларида катта фарқни намоён этмоқда. Масалан:

Руминияда 1 Мбит интернет учун 0,01 доллар,

Россияда 0,02 доллар,

Польшада эса 0,03 доллар тўланади.

Ушбу мамлакатлар дунёдаги энг арзон интернет хизматларига эга бўлиб, уларда инфратузилма кенг қамровли ва рақобат кучли.

Осиёнинг бир қатор давлатлари - Вьетнам, Хитой ва Жанубий Корея ҳам арзон ва тез интернет соҳасида етакчи ҳисобланади. Бу ерларда 1 Мбит интернет учун ўртача 0,05 доллар тўланади.

Америка Қўшма Штатларида интернет нархи нисбатан арзон - 1 Мбит учун ўртача 0,08 доллар тўланади. Франция, Япония ва Германия каби ривожланган мамлакатларда эса интернет нархи жаҳон ўртача кўрсаткичидан паст - 1 Мбит учун тахминан 0,42 доллар тўланади.