Янги китоблар: Сиёсий маданият ва ёшлар тафаккури жамият келажагини белгилайди

Юртимизда янги тараққиёт босқичида демократик жамиятни барпо этиш, фаол фуқаролик позициясига эга, юксак сиёсий тафаккурли авлодни вояга етказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида “Янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида энг муҳим масала — инсон тафаккурини, онгини ўзгартириш, жамиятда сиёсий ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришдир”, дея таъкидлади.

Айниқса, глобаллашув шароитида ёшларнинг сиёсий маданияти, мафкуравий иммунитети ва ижтимоий фаоллиги масалалари алоҳида аҳамият касб этмоқда. Чунки мамлакат келажаги, унинг барқарор тараққиёти, аввало, мустақил фикрлай оладиган, сиёсий билим ва онгга эга, миллий ҳамда умуминсоний қадриятларга таянган ёш авлод билан бевосита боғлиқ. Шу маънода, сиёсий маданият ва мафкура масалаларини илмий-назарий жиҳатдан чуқур таҳлил этувчи асарларнинг нашр этилиши муҳим аҳамият касб этади.

Яқинда Тошкентдаги “Dilbarjin” нашриётида Ўзбекистон миллий университети профессори, сиёсий фанлар доктори Бахтиёр Омоновнинг “Сиёсий маданият ва мафкура” ҳамда “Ёшлар сиёсий маданияти” номли асарлари кирилл ва лотин алифбосида алоҳида китоб ҳолида босмадан чиқди.

Давлат таълим стандарти ва фан дастури асосида ишлаб чиқилган “Сиёсий маданият ва мафкура” номли ўқув қўлланмада сиёсий маданият, сиёсий онг ва мафкура тушунчаларининг мазмун-моҳияти, уларнинг эволюцияси, таркибий элементлари — сиёсий мафкура, сиёсий тафаккур, сиёсий хулқ-атвор, сиёсий кайфият ва сиёсий қадриятлар изчил равишда ёритилган. Шунингдек, сиёсий онг ва маданиятнинг муҳим функциялари, мафкуранинг либерализм, консерватизм, социал демократия каби моделлари, сиёсий маданиятнинг миллий ўзлик ва сиёсий етакчилик билан боғлиқ жиҳатлари илмий таҳлил қилинган.

Сиёсий маданият деганда ҳар бир фуқаронинг сиёсий тузум ва жамият ҳаётидаги мақсад-вазифаларни англаши, унинг сиёсий билими, онги, қарашлари ва фаоллиги тушунилади. Мазкур фаннинг асосчилари ҳисобланган ғарб олимлари Г. Алмонд ва С. Верба сиёсий маданиятни билим, ҳиссиёт ва баҳолаш каби таркибий қисмлардан иборат эканини илмий асослаб берган. Мафкура эса сиёсий маданиятга нисбатан илгарироқ вужудга келган бўлиб, бугун жамиятда шаклланган мафкуравий қарашлар миллий давлатчилик пойдеворини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.

Шу жиҳатдан олганда, Бахтиёр Омоновнинг мазкур ўқув қўлланмалари кенг жамоатчилик, айниқса ёшлар учун жамият, сиёсат, иқтисод ва миллий ўзлик масалаларини чуқур англашга, ижтимоий-сиёсий жараёнларда фаол иштирок этишга ундайди.

Муаллифнинг “Ёшлар сиёсий маданияти” китоби ҳам бугунги куннинг долзарб мавзусига бағишланган. Асарда глобаллашув шароитида ёшлар сиёсий маданиятини такомиллаштириш механизмлари, ёш авлодда ижтимоий-инновацион фаолликни ошириш омиллари чуқур таҳлил қилинган. Эътиборли жиҳати шундаки, муаллиф хорижий ва миллий тажрибаларни қиёсий ўрганиш асосида илмий хулосалар чиқаради ҳамда жамиятни ташвишлантираётган муаммоларга амалий ечимлар таклиф этади.

Бу жиҳатдан қадимги юнон файласуфи Суқротнинг “Ўзгаларни ўзгартирмоқчи бўлган инсон, аввало, ўзини ўзгартириши лозим” деган ҳикматли фикри ҳам бугунги ислоҳотлар моҳияти билан ҳамоҳангдир.

Китобларга Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор М.Қирғизбоев, Ўзбекистон миллий университети кафедра мудири, сиёсий фанлар доктори, профессор И.Эргашев, Тошкент кимё-технология университети профессори, фалсафа фанлари доктори С.Отамуродов томонидан тақризлар ёзилган. Ушбу ўқув адабиётлари Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳузуридаги Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институтининг илмий-тадқиқот ишлари режалари асосида тайёрланиб, нашрга тавсия этилган.