Янги йилдаги 5 кунлик таътил оилавий саёҳатлар учун фойдали бўлди

Янги йил байрами муносабати билан юртимизда берилган 5 кунлик дам олиш таътили аҳоли учун мазмунли ҳордиқ чиқариш, юрт бўйлаб саёҳат қилиш ҳамда муқаддас қадамжоларни зиёрат этишга имконият яратди.

Айни кунларда Самарқанд шаҳридаги тарихий обидалар маҳаллий ва хорижлик сайёҳлар билан гавжум. Жумладан, Мирзо Улуғбек расадхонаси ва Амир Темур мақбарасида мамлакатимизнинг турли вилоятларидан келган меҳмонлар саёҳат ва зиёрат қилмоқда. Узоқ муддатли дам олиш кунлари оилавий саёҳатларни режалаштириш, қариялар ва болалар билан бирга тарихий масканларга ташриф буюриш учун айни муддао бўлмоқда.

— Ёшим 76 да, — дейди қашқадарёлик Алишер Раббанаев. — Кейинги йилларда байрамлар арафасида берилаётган дам олиш кунларида фарзандларим мени саёҳатга олиб чиқиши анъанага айланди. Бу йил ҳам янги йил муносабати билан берилган 5 кунлик дам олиш таътилидан унумли фойдаланиб, фарзандларим ва невараларим билан Самарқандга келдик. Бу ерда ҳам саёҳат қиляпмиз, ҳам зиёрат.

Бобонинг таъкидлашича, дам олиш кунларидаги бундай саёҳатлар нафақат оила аъзолари ўртасидаги меҳр-оқибатни мустаҳкамлайди, балки ишлайдиган ёшлар учун ҳам руҳий дам олиш, янги куч ва илҳом олиш имконини беради. Қолаверса, қарияларни зериктирмаслик, уларнинг дуосини олиш мақсадида ташкил этилаётган бундай саёҳатлар савобли амаллардан биридир.

Шу маънода, янги йил байрами муносабати билан берилган 5 кунлик таътил юртдошларимиз учун мазмунли дам олиш, соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ҳамда ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилмоқда.

Тўлқин Сиддиқов.