Самарқандда сайёҳларга меҳмон уйларида овқатланиш тизимини таклиф этувчи онлайн платформа ишга туширилди
Ички туризмни ривожлантириш, ушбу йўналишда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари ўртасида ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш мақсадида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” дастури доирасида Самарқанд шаҳридаги "Ҳунармандлар маркази"да «Ички туризм ярмаркаси» ташкил этилди.
Республикамизнинг турли ҳудудларида фаолият юритаётган сайёҳлик фирмалари, туризм соҳасида фаолият юритувчи туроператорлар, турагентлар, жойлаштириш воситалари (меҳмонхона, ҳостел, меҳмон уйи) вакиллари ички туризм бўйича имкониятларини намойиш этиб, туризм соҳасида ҳамкорлик ўрнатиш ва янги лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ўз таклифларини билдирди.
- Компаниямиз 17 йилдан буён ички ва халқаро туризм ҳамда транспорт йўналишида хизмат кўрсатиб келмоқда, - дейди “Shaherezada sam star tour disсover” туристик компанияси раҳбари Толиб Жаҳонгиров. – Йилига беш минг нафар маҳаллий ва хорижлик сайёҳларни қабул қиламиз ва жорий йилнинг ўтган даврида 2,5 мингдан зиёд туристга хизмат кўрсатдик. Кейинги йилларда туризмни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор ва тадбиркорларга яратилаётган қулайлик соҳада янги лойиҳаларга қўл уришга ундамоқда. Хусусан, яқинда Президентимизнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотида умумий овқатланиш корхоналарига қўшимча қиймат солиғининг бир қисми тадбиркорга “кешбэк” сифатида қайтариб берилиши айтилди. Бунда ойлик айланмасининг 60 фоизини нақд пулсиз амалга оширган корхоналарга ҚҚСнинг 40 фоизи тўланган заҳоти қайтарилади. Агар нақд пулсиз айланма 60 фоиздан кам бўлса, “кешбэк” 20 фоиз бўлади. Албатта, бу бизга ички ва халқаро туризм йўналишида янада кўпроқ хизмат кўрсатиш учун имконият бўлса, сайёҳларнинг арзон нархда турпакетларнинг харид қилишлари учун қулайлик яратади.
Кейинги йилларда Япония, Англия, Канада ва Франция мамлакатларида ташкил этилган ярмарка ва хорижий сайёҳлик корхоналари раҳбарлари билан учрашувларда юртимизнинг сайёҳлик салоҳиятини намойиш қилиб, ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиб келяпмиз. Бугунги ярмаркада ҳам юртимиздаги йирик сайёҳлик фирмалар билан хорижий туристик корхоналар ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида келишиб олдик.
Кўргазмада сайёҳлик фирмаларининг янгидан ишга туширилган стартап лойиҳалари ҳам намойиш этилди. Жумладан, сайёҳларга меҳмон уйларида овқатланиш хизматларини таклиф этиш лойиҳаси Самарқандда илк бор ишга туширилди.
- 2021 йилда юртимизга келаётган сайёҳларга қулайлик яратиш ва уларга овқатланиш хизматини таклиф этиш мақсадида “Чайхана” лойиҳасини ишлаб чиққан эдик, - дейди “Самарқанд бизнес лойиҳалаштириш” МЧЖ иш бошқарувчиси Абдуқодир Ўринбоев. – Олти ой олдин лойиҳани соддалаштириш мақсадида сайёҳларга уникал овқатланиш хизматини таклиф этувчи онлайн платформа “EATEN.UZ”га ўзгартирдик ва бу хизмат Самарқандда илк бор ишга туширилди. Дастлаб 30 га яқин сайёҳ ўртасида сўровнома ўтказганимизда 25 нафари бу платформадан фойдаланиш қулай эканлигини маълум қилди. Бундан ташқари, сайёҳларнинг аксарияти уларни кафе ёки ресторанлар эмас, балки меҳмон уйлари қизиқтиришини билдирди. Шуларни ҳисобга олиб, платформага меҳмон уйлари, уларда тайёрланадиган таомлар, шароитлар ҳақида маълумот жойлаштирдик.
Ушбу сайт меҳмон уйлари эгалари учун ҳам осон даромад топиш учун қулайлик яратади. Ҳозирча платформага фақат Самарқанд шаҳри ва Ургут туманидаги машҳур меҳмон уйлари ҳақида маълумот киритилган. Энди республикамиздаги меҳмон уйлари ҳақида ҳам маълумотларни жойлаштиришни режалаштиряпмиз ва юртимизга келган ҳар бир сайёҳ бу хизматдан фойдаланиш учун 15 доллардан 50 долларгача сарфлайди.
Ярмарка доирасида самарқандлик ҳунармандлар томонидан тайёрланган миллий маҳсулотлар кўргазмаси ҳам намойиш этилиб, фаол иштирокчилар ташкилотчилар томонидан ташаккурнома ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Фазлиддин РЎЗИБОЕВ.